Бугун 15 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Абдуқодир Ҳусановнинг муваффақиятлари ортидан Қозоғистон футболи танқид қилинди

Абдуқодир Ҳусановнинг муваффақиятлари ортидан Қозоғистон футболи танқид қилинди

Қўшни давлатларда аллақачон жаҳон даражасига чиққан футбол юлдузлари етишиб чиқаётган бир пайтда, Қозоғистон футболи ҳамон Дастан Сатпаевнинг келажакдаги муваффақиятига умид қилиб яшамоқда. Sports.kz нашри ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов ва грузиялик Хвича Кварацхелия босиб ўтган йўлни қозоғистонлик футболчилар тақдири билан қиёслаб, таҳлилий мақола эълон қилди.

Узоқ вақт давомида собиқ иттифоқ ҳудудида (Россиядан ташқари) топ-клубларда ўйнайдиган жаҳон даражасидаги юлдузлар етишиб чиқмади. Ўтган ўн йилликдаги кам сонли мисоллардан бири Генрих Мхитарян бўлди. Бироқ у ҳам ўз терма жамоасини катта турнирларга олиб чиқа олмади, қўлга киритган энг катта совринлари эса Италия чемпионлиги ва Европа Лигаси бўлиб қолди.

Бугунги кунда эса вазият бутунлай ўзгача. Хвича Кварацхелия 25 ёшида Франциянинг “ПСЖ” клуби етакчисига айланди, Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритди ва Грузияни Евро-2024 мусобақасига олиб чиқди. Ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов эса ундан уч ёш кичик бўлишига қарамай, аллақачон “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг ҳисобида Англия Лига Кубоги ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионлиги бор.

Юлдузлик сари биринчи қадам

Ҳар икки футболчини бирлаштириб турадиган жиҳат шуки, улар ўз мамлакатларида ўсмирлар ва ёшлар даражасидаёқ ўзларининг нималарга қодирлигини исботлаган. Ҳусанов Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Осиё Кубогидаги қўлга киритган бўлиб, барча ўйинларда 90 дақиқа давомида ўйнаган ва жамоасининг зафар қучишида калит ўйинчи бўлган. Кварацхелия эса 17 ёшигача Грузия ўсмирлар жамоаси сафида 27 ўйинда 15 та гол уриб, скаутлар назарига тушган. Яъни, улар топ-клубларга ўтишдан анча олдин халқаро турнирларда ўзларини кўрсатиб бўлишган.

Ҳусанов ва Кварацхелиянинг яна бир ўхшашлиги — уларнинг ҳар иккиси футбол муҳитида ўсган. Абдуқодирнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган ва маҳаллий чемпионатда 200 дан ортиқ ўйин ўтказган. Хвичанинг отаси Бадри Кварацхелия ҳам Грузиянинг етакчи клубларида тўп суриб, кейинчалик мураббийлик қилган. Ҳусановнинг “Ланс”га ўтишида унинг ўйин интеллекти, вазиятни тўғри ўқий олиши алоҳида қайд этилган эди. Бу қобилият эса оиладаги футбол муҳити ортидан шаклланган дейиш мумкин.

Комфорт зонасидан чиқиш: таваккал ва меҳнат

Қозоғистонлик футболчилардан фарқли ўлароқ, Ҳусанов ва Кварацхелия маҳаллий чемпионатда қолиб кетишни исташмаган. Ҳусанов “Бунёдкор” тарбияланувчиси бўлса-да, ўз ватанида катталар даражасида бирорта ҳам ўйин ўтказмай, 18 ёшида Беларусьнинг “Энергетик-БГУ” клубига йўл олди.

Кварацхелия ҳам Грузия чемпионатида жами 33 та ўйин ўтказган, холос. Улар Қозоғистон Премьер Лигасидан даражаси пастроқ бўлган лигаларда ўйнашдан қочишмаган, чунки бундай йўл топ-чемпионатларга чиқиш учун энг қисқа йўл эканини тушунишган.

Қозоғистонда эса маҳаллий футболчилар Премьер Лигада йиллар давомида “истиқболли” бўлиб юришлари ва Европа ўлчовлари бўйича ҳам катта маош олишлари мумкин. Легионерлар лимитининг мавжудлиги клубларни маҳаллий ўйинчиларга ҳаддан ташқари кўп ҳақ тўлашга мажбур қилади. Бундай шароитда футболчи комфорт зонасини тарк этишга ва хориж чемпионатларида ўйнаш фикрига қизиқиш билдирмайди. Ҳусанов 18 ёшида Беларусьда, Кварацхелия эса худди шу ёшда “Рустави”да мунтазам ўйнай бошлаган бўлса, Қозоғистонда 18 ёшли йигитларни асосий таркибда кўриш жуда ноёб ҳодиса бўлиб қолмоқда.

Ўсиш учун янги чақириқлар

Ҳусанов ва Кварацхелиянинг ўсиши босқичма-босқич, лекин тўхтовсиз амалга ошган. Ҳар бир кейинги қадам кучлироқ чемпионат ва рақобат дегани эди. Қозоғистонда эса футболчининг чўққиси маҳаллий лигадаги ўйинлар билан чекланиб қолади. 27–28 ёшга келиб хорижга кетиш қийинлашади, янги чақириқлар бўлмагани сабабли ривожланиш тўхтайди.

Бундан ташқари, ҳар икки юлдузнинг сотиш мумкин бўлган аниқ устун жиҳатлари бор: Хвичада — дриблинг ва якунлаш, Ҳусановда — тезлик ва тажовузкор ҳимоячи профили. Қозоғистонда эса бундай ёрқин услубга эга ўйинчилар деярли учрамайди.

Ҳозирда фақатгина 16 ёшли Дастан Сатпаевнинг йўли юқоридаги юлдузларникига ўхшаб кетмоқда. У аллақачон “Қайрат” сафида тўпурарга айланди ва “Челси” билан келишувга эришди. Бироқ асосий савол шундаки, Қозоғистон чемпионатидан тўғридан-тўғри Англия каби мураккаб муҳитга ўтиш унинг карьерасига қандай таъсир қилади? Ҳусанов ва Кварацхелия каби босқичма-босқич тажриба орттирмаслик Дастан учун қийинчилик туғдирмайдими?

Хулоса ўрнида нашр қозоқ футболи қўшнилардан ўрнак олиши, юксакликка эришиш учун комфортдан воз кечиш ва эрта вояга етиш шартлигини таъкидлаган.

Киритилди: 18:53 14.04.2026. Ўқилди: 1299 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!