2017 йилдан эътиборан Лига футзал бўйича Олий лига, Биринчи лига U18 чемпионати, Ўзбекистон кубоги ва Суперкубоги мусобақаларини ўтказиб келди.
Боиси, айнан 2017 йилда Ўзбекистон футзал ассоциацияси тугатилиб, мазкур спорт тури бўйича жавобгарликни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўз зиммасига олди, барча ички мусобақаларни ўтказиш эса Лига чекига тушди.
2020 йилдан кейин Лига футзал мусобақаларини ислоҳ қилишга ўтди. Биринчи навбатда унинг географияси кенгайтирилди. Олий лига ўйинларига нафақат Тошкент, балки Андижон, Фарғона, Олмалиқ, Жиззах, Қарши, Бухоро, Хоразм шаҳарлари мезбонлик қила бошлади. Шунингдек, Олий лига "Спорт-ТВ" ҳамда Лиганинг "YouTube" саҳифалари орқали трансляция қилина бошлади.
Бугун — 25 декабрь куни Ўзбекистон футзал федерацияси алоҳида тузилма сифатида фаолият бошлаши эълон қилинади. Бу қадам футзални янги босқичга олиб чиқиш, терма жамоалар, клублар, ички мусобақалар ва футзалнинг бошқа субъектларини битта байроқ остида бирлаштиришда муҳим саналади. Лига Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мазкур қарорини қўллаб-қувватлайди ва ишонадики, янги йилдан эътиборан Ўзбекистон футзали янги даврга қадам қўяди.
Ўзбекистон футзал федерациясини ташкил этиш, унинг раҳбарларини кенг жамоатчиликка таништириш маросими бугун Hilton меҳмонхонасида бўлиб ўтади.