Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси Қаҳрамон Мирсафоевга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) бўйича эса, 2025 йил 8 ойида 7 минг 624 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланган. Бу 2024 йилдаги 16 минг 524 ҳолатга нисбатан бироз камайган бўлса-да, сон жиҳатидан ҳали ҳам юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Айниқса, шундан 6 минг 585 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани, оилавий зўравонлик ҳолатларининг жиддийлигидан далолат беради. Бу рақамлар зўравонликнинг илдизи чуқурроқ эканини, у фақат жазолаш билан эмас, балки профилактик, психологик ва педагогик чора-тадбирлар билан курашишни талаб этишини кўрсатмоқда.
Зўравонлик оқибатлари нафақат статистикада, балки оилаларнинг емирилишида ҳам яққол акс этмоқда. 2025 йил 8 ойи мобайнида оилавий зўравонлик оқибатида фуқаролик ишлари бўйича судларга никоҳни бекор қилиш учун 47 ариза берилган бўлиб, улардан 37 таси қаноатлантирилган. Бу эса, ҳар беш ҳолатдан тўрттасида оиланинг емирилишига олиб келувчи сабаблар рўй берганини англатади.
Маълумотларга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) асосида 2025 йилнинг 8 ойида 1 минг 450 нафар шахс судланган. Уларнинг 969 нафари қамоқ жазосига, 481 нафари эса жаримага тортилган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 1 минг 854 нафарни ташкил қилган.