2025 йил январ-июн ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 37 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 5 млрд 123 млн долларга ёки 16,1 фоизга кўп. Бунда экспорт ҳажми 16,88 млрд доллар (+29,1 фоиз), импорт ҳажми эса 20,13 млрд доллар (+7 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 3 млрд 246 млн долларгача қисқарган.
Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (17,7 фоиз), Россия (16,3) Қозоғистон (6 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Жанубий Корея (2,3 фоиз) билан қайд этилган.
Ҳисобот даврида 6 млрд 492 млн долларлик (+54,8 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 38,4 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,9 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,2 фоиз), кимёвий воситалар (5,8 фоиз), минерал ёқилғилар (4,3 фоиз) ва турли хил тайёр буюмлар (4,1 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.
Январ-июн ойларида 355 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,5 фоизга кўп. Бундан ташқари, 277 млн долларлик нефт ва нефт маҳсулотлари (-1,9 фоиз), 100 млн долларлик электр токи (+52,5 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.
Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (32,9 фоиз), саноат товарлари (16 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,9 фоиз) ҳисобига тўғри келган.