Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари ва Шанхай технологиялар трансфери маркази вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ана шу масалалар кўтарилди.
Иссиқхона газлари чиқиндиларининг камайтирилмаслиги келгусида инсонлар ва табиат учун қайтариб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу сабабли, дунё бўйлаб мамлакатлар ўз иқтисодиётларини кам углеродли ёки карбонсизланган иқтисодиётга айлантиришга интилмоқда.
Бу йўналишдаги асосий вазифа эса қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни рағбатлантириш, энергиядан самарали фойдаланишни кенгайтириш ва уни тежашдир.
Шу билан биргаликда, транспорт соҳасини электрлаштириш, углеродни ушлаб туриш ва сақлаш, ҳамда қишлоқ хўжалигида иқлимга мослашувчан ёндашувларни қўллаш ҳам муҳим саналади.
Буларнинг барчаси илмий тадқиқотлар ва инновациялар билан биргаликда амалга оширилиши зарур.
Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари ва Шанхай технологиялар трансфери маркази вакиллари учрашуви давомида кам углеродли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда инновацион ечимларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.
Учрашув доирасида иккита муҳим ташаббус муҳокама қилинди.
Биринчи ташаббус — “Бир макон — бир йўл” дастури доирасида Шанхай технологиялар трансфери марказининг кам углеродли технологиялар ва инновацион ҳамкорлик бўйича халқаро алянсни ташкил этиш таклифи бўлди.
Бу алянс халқаро даражадаги ҳамкорликни кучайтириш, технологик ечимларни тарғиб қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши янги инновацияларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Иккинчи ташаббус —“Катта Қуёш сандони” негизида “Яшил технологиялар водийси” халқаро илмий хабини яратиш таклифи бўлди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда илғор илмий-инновацион хабни яратиш ва ҳудуддаги технологияларнинг ривожига катта ҳисса қўшади.
Илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши эса кам углеродли иқтисодиёт соҳасида янги инновацияларни барпо этиш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, яшил технологиялар ва материаллардан фойдаланган ҳолда мамлакатлар ўртасида рақобатбардошликни мустаҳкамлашга йўналтирилган инновацион қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Меҳмонларга шунингдек, Материалшунослик институтининг илмий тадқиқот натижалари, инновацион ишланмалари намойиш қилинди.
Иссиқхоналар учун ҳароратни мўътадиллаштирувчи плёнка, иссиқлик сақловчи ва акс эттирувчи, водород энергияси учун материаллар, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланиладиган совуқ плазма каби муҳим технологиялар шулар жумласидандир.
Айниқса, институтнинг энг йирик қурилмаси ҳисобланган — Катта Қуёш сандони меҳмонларда улкан таассурот қолдирди.
Автоматлаштирилган бошқариш тизимига эга мазкур мураккаб оптик комплекси дунёда Франциядан сўнг, Ўзбекистонда ташкил этилган ягона қурилма ҳисобланади.
Қурилма ишга туширилиб, унинг ноёб имкониятлари меҳмонларга намойиш этилди.
Мулоқот якунида икки муҳим ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Материалшунослик институти ва Шанхай технологиялар трансфери маркази ўртасида, Миллий тадқиқот университети қошидаги Назарий ва амалий тадқиқотлар институти билан эса “NanoTech” қўшма лабораториясини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Қайд этиш жоиз, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Кам углеродли технологиялар ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича янги ташаббуслар нафақат мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга, балки дунё миқёсидаги экологик муаммоларни ҳал этишга ҳам хизмат қилади.