Бугун 25 ноябрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Россия режаси: Украинани уч қисмга бўлиш

Россия режаси: Украинани уч қисмга бўлиш

Кремль Украинани уч қисмга бўлиш ниятида. Бу сценарий Россия Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатида баён этилган, деб ёзади Bild.

Таъкидланишича, Россия президенти Владимир Путин АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трампга Украинани бўлиш ғоясини тақдим қилмоқчи.

Кремлнинг шарти шундаки, Россия «Украинанинг муҳим ҳудудларини» сақлаб қолиши, Украинанинг ўзи эса «НАТОга қўшилиш режаларидан воз кечиши» керак.

Ҳужжатда айтилишича, Кремль Украинани «уч қисмга» бўлиш ниятида. Мамлакатнинг бутун шарқи (Донетск, Луганск, Запороже ва Херсон вилоятлари), шунингдек, Қрим «Россияга ўтиши керак.»

Мамлакатнинг иккинчи катта қисмини (шу жумладан Киев, Суми ва Одесса вилоятлари) «Россияпараст давлат тузилмаси»га айлантириш режалаштирилган. Ушбу зонадаги куч тузилмалари россияпараст кадрлар билан таъминланади ва «назорат қилиш учун унинг ҳудудида Россия қўшинлари жойлаштирилади».

Ғарбий Украинадаги қолган қисми ҳужжатда «баҳсли ҳудудлар» деб аталади. Улар билан нима қилиш масаласи Россия ва қўшни давлатлар – Венгрия, Полша ва Руминия ўртасидаги музокаралар давомида ҳал қилиниши кутилмоқда.

Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Вадим Скибитский «Интерфакс-Украина»га айтишича, Украина разведкаси 2045 йилгача дунёдаги ҳарбий-сиёсий вазият прогнозини ўз ичига олган Россия ҳужжатидан хабардор. Ушбу ҳужжатда Украина ҳудудини уч қисмга бўлиш кўзда тутилган.

«Қўшимча қилиб айтаман, бу ҳужжат Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлари Бош штабида ўтган йилнинг тахминан декабрь ойида тайёрланган. Мазкур ҳужжат маълум бир давр - камида 10 йиллик муддат учун истиқболли мудофаа режалаштириш асосини ташкил этади. Хусусан, бу ҳужжат 2026-2035 йиллар даврини қамраб олган ҳолда, 2045 йилгача бўлган истиқболни кўзда тутади,» деди у.

Киритилди: 21:00 24.11.2024. Ўқилди: 1529 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!