Ҳуқуқий ахборотни аҳолига тезкор ва қулай етказиш, қонунчилик базаларини рақамлаштириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш бугунги кунда ҳуқуқий тизимни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан саналади. Бу борада халқаро тажриба алмашиш янги рақамли ечимларни жорий этиш учун муҳим аҳамият касб этади.
Туркия Республикаси адлия вазири ўринбосари Бурак Жейҳан бошчилигидаги делегациянинг “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига ташрифи ҳам ана шу йўналишда тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларига қаратилди.
Ташриф давомида туркиялик меҳмонларга Марказнинг асосий фаолият йўналишлари, ҳуқуқий ахборотни фойдаланувчиларга етказиш тизими, қонунчилик ҳужжатларини расмий эълон қилиш амалиёти ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Туркия делегациясига Қонунчилик маълумотлари миллий базаси - Lex.uz, сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган “LexAI” платформаси ҳамда юридик хизматлардан мустақил фойдаланиш имконини берувчи “Yurxizmat.uz” ахборот тизимининг имкониятлари тақдим этилди.
Мулоқот чоғида ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, қонунчилик ҳужжатларини расмий эълон қилиш ва соҳага рақамли технологияларни татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Lex.uz ва Туркиянинг Mevzuat.gov.tr қонунчилик ахборот платформаларини техник ва функционал жиҳатдан қиёсий ўрганиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Марказ ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар ўзаро тажриба алмашишни давом эттириш, ҳуқуқий ахборот соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда рақамли ечимлар бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.