Бугун 5 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги экологик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги экологик ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий ривожланиш бўйича амалийот раҳбари Гаяне Минасян билан учрашди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, экология ва иқлим соҳасидаги долзарб лойиҳалар доирасида самарали тажриба алмашиш, Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” (“Resiland”) лойиҳасининг амалга оширилиши жараёни кўриб чиқилди.

Мазкур лойиҳадан мақсад — Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини модернизация қилиш, чўлланиш ва эрозияга қарши курашиш, танланган ҳудудларда (Жиззах, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Сурхондарё) ўрмон ландшафтларини кўпайтириш ва трансчегаравий ландшафтларни тиклаш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилишга кўмаклашишдан иборат.

Учрашувда ҳаво ифлосланишининг инсон саломатлигига ва иқтисодий ривожланишга салбий таъсири масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жаҳон банки кўмагида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати баҳоланиши, Термизда мониторинг ишлари олиб борилиши, Наманганда эса навбатдаги лойиҳа йўлга қўйилиши режалаштирилгани қайд этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани, 2025 йил мамлакатда “Атроф-муҳитни асраш ва ‘яшил’ иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани ҳамда бошқа ташаббуслар ҳақида маълумот берилди ва “2035 йилгача атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш стратегияси” лойиҳаси тақдим этилди.

Қолаверса, энергетика соҳасида қайта тикланувчи манбалар улушини 60 фоизга етказиш бўйича қатъий мақсадлар белгилангани ҳам таъкидланди.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистон экология ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ва глобал миқёсда фаол иштирок этаётгани, Самарқанд бу борада қатор халқаро конференцияларга мезбонлик қилгани таъкидланди. Ўз навбатида Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистоннинг экологик ислоҳотлари, иқлим ўзгаришига мослашиш сиёсати ҳамда халқаро миқёсдаги фаол позициясини юқори баҳолади.

Жаҳон банки делегациясига Самарқандда 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача ўтказиладиган CITES COP20 халқаро конференцияси, 2026 йил 31 май – 5 июн кунлари бўлиб ўтадиган GEFнинг 8-Ассамблеяси ва “Eco Expo Central Asia – 2026” кўргазмасига қатнашиш ҳамда кўргазмада ўз павильонини ташкил қилиб, глобал “яшил” ташаббусларни намойиш этиш таклиф қилинди.

Якунда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, экологик лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва барқарор ривожланишга қўшилаётган ҳиссани кенгайтиришга келишиб олинди.

Киритилди: 14:37 11.11.2025. Ўқилди: 1536 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!