Эроннинг янги олий раҳбари сайланди, унинг исми ҳозирча айтилмаяпти.
Эрон Экспертлар кенгаши мамлакатнинг янги олий раҳбарни сайлади, деб хабар берди Эроннинг Mehr ахборот агентлиги кенгаш аъзоларига таяниб.
Сайланган раҳбарнинг исми ҳозирча очиқланмаган. Уни Экспертлар кенгаши котибияти раҳбари Хоссейни Бушеҳрий эълон қилиши керак, аммо у ҳозирча ҳеч қандай баёнот бермади.
Экспертлар кенгаши таркибига ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис ҳисобланган 88 нафар уламо-ҳуқуқшунослар киради. Улар 28 феврал куни АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида ҳалок бўлган оятуллоҳ Али Хоминаий ўрнига янги олий раҳбарни танлаши керак эди.
The New York Times маълумотига кўра, олий раҳбар лавозимига асосий номзодлардан бири Али Хоминаийнинг ўғли, 56 ёшли Мужтабо Хоминаий ҳисобланади.
Бундан аввал Исроил Мудофаа армияси Эроннинг ҳар қандай янги раҳбарини “йўқ қилиш учун нишон” сифатида кўришини маълум қилган эди.