Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Германияга борди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Ташриф давомида мамлакатимиз элчихонасида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси билан ҳамкорликда йирик немис иш берувчи компания вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Суҳбатда вақтинча хорижда ишлаш истагида бўлган ҳамюртларимизни Европанинг ривожланган давлатига ишга жалб этиш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ушбу давлатга меҳнат миграциясини тез ва самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Немис ишбилармонлари айни пайтда Германияда ташқи ишчи кучига бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини, айниқса ҳамширалик ва фельдшерлик, юк машинаси ҳайдовчиси, саноат, мехатроника, гастрономия, йўл қурилиши соҳаларида 130 мингдан ортиқ ишчи кучига эҳтиёж мавжудлигини билдирдилар.
Тадбир давомида мамлакатимизнинг ишчи кучи борасидаги салоҳияти, давлатимиз томонидан хорижда касбий таълим олиш ва вақтинча ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилган шарт-шароитлар, имтиёз ва қулайликлар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилиб келаётган компаниялар вакиллари ўз тажрибалари билан бўлишдилар ва бошқаларни ҳам мамлакатимиз билан ҳамкорликка чорладилар. Шунингдек, мулоқотда Германия меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда юртдошларимизнинг касбий тайёргарлигини ошириш, немис тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, виза олишда енгилликлар жорий этиш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Касб-ҳунарга ўқитишнинг немис моделини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.
Немис компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрликларини таъкидладилар.
Вазир Беҳзод Мусаев ташриф давомида Германия ҳукуматининг миграция масалалари бўйича махсус комиссари Йоахим Штамп билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида "Миграция ва мобиллик тўғрисида"ги ҳукуматлараро битим лойиҳаси якуний матнини келишиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг 25 та компанияси ўртасида Ўзбекистон фуқароларини турли соҳаларда вақтинча иш билан таъминлаш бўйича шартномалар тузилган. Яна бешта компания билан музокаралар олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда 821 нафар Ўзбекистон фуқароси Германияга вақтинчалик ишлашга жўнатилган, 1 минг 670 нафар фуқаро меҳнат фаолиятини ушбу мамлакатда давом эттириш учун тайёргарликдан ўтмоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланиб, ватандошларимизнинг бу мамлакатда ишлашлари учун касбий тайёргарлик ва тил ўрганишлари таъминланиб, ишга жойлашишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
"Simson Private Akademie" касб-ҳунар таълим маркази иш бошқарувчиси Макс Роймшюссель:
— Академиямиз турли касблар, яъни чилангарликдан тортиб, механик, мехатроник йўналишларида дуал касбий таълим асосида мутахассисларни тайёрлайди. 2021 йилдан буён Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаганмиз.
Бугунги кунда Ўзбекистондан 50 дан ортиқ ёшлар бизнинг таълим муассасаларимизда касбий касб сирларини эгалламоқда. Ўзбекистонлик ёшларнинг билимга чанқоқлиги ва тил ўрганишга иштиёқлари жуда юқори. Биз билан ҳамкорлик қиладиган немис компаниялари ўзбекистонлик мутахассислардан жуда мамнун.
"GP Günter Papenburg AG" компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Ангела Паппенбург:
— Ўзбекистон элчихонасининг Германия иқтисодиётининг Шарқий Қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Мазкур тадбирда Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг иштироки жуда муҳим бўлди. Вазир бизнинг барча савол ва таклифларимизга ўз фикрини билдирди. Ташриф доирасида вазир бизнинг корхонамизга ҳам ташриф буюради ва бизда касбий таълим бўйича таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашади.
Меҳнат миграцияси икки томон учун ҳам долзарб масала ҳисобланади. Германияда айни пайтда ишчи кучи етишмовчилиги кузатилмоқда. Немис компаниялари касбий таълим олиш ва келажакда ушбу компанияларда ишлаш истагида бўлган ёшларни изламоқда. Ўзбекистон учун ҳам бу амалиёт жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу бир томондан мамлакатда касбий таълимни ривожлантиришга хизмат қилса, иккинчи томондан Германияда таълим олган ёшлар келажакда ўз юртларига халқаро тажрибага эга мутахассис сифатида қайтадилар. Яъни бу соҳа бўйича ҳамкорлик икки томон учун ҳам ўзаро манфаатли ҳисобланади.
Биз Андижон шаҳридаги "Berlin Zentrum" ўқув маркази билан яқин ҳамкорлик қиламиз. Ушбу марказни қўллаб-қувватладик, натижада ушбу марказ сўнгги тўрт ярим йил ичида жадал ривожланди ва жуда катта ютуқларга эришди. Истиқболдаги режаларимиз, мамлакатингиздаги касбий таълим муассасаларини яқиндан қўллаб-қувватлаш, устахоналарни жиҳозлаш ва Германия меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган ўқув режаларини ишлаб чиқишда яқиндан ёрдам беришдан иборат. Бунга эриша олсак, ўзбекистонлик ёшларини тайёр мутахассис сифатида Германия корхоналарига ишга жалб эта оламиз.