Мисрда чет эллик талабаларни оммавий равишда ушлаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Podrobno.uz хабар беришича, уларнинг аксарияти Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари фуқаролари. Талабаларда барча зарур ҳужжатлар, жумладан виза, расмий рўйхатдан ўтиш ва талабалик гувоҳномалари мавжуд бўлишига қарамай, уларга айблов эълон қилинмасдан ушланмоқда.
Гувоҳларнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари яшаш жойларига бостириб кириб, телефонлар, ноутбуклар ва бошқа шахсий буюмларни мусодара қилмоқда. Ушланганидан сўнг талабалар номаълум томонга олиб кетилмоқда, уларга кириш чекланган ва улар билан алоқа ўрнатиш имконсиз.
Содир бўлаётган воқеаларнинг расмий сабаблари ҳали эълон қилинмаган. Диаспора ва талабалар уюшмалари вакиллари ҳушёр бўлишни, заруратсиз кўчага чиқмасликни ва хавф аломатлари пайдо бўлиши биланоқ дипломатик ваколатхоналардан ёрдам сўрашни тавсия этмоқда.