Жорий йилнинг 6 май куни Халқаро бизнес марказида Марказий Осиёда гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш бўйича Европа Иттифоқининг “CADAP” дастури доирасида мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идораларига махсус техника ҳамда ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегатсияси вакиллари, “CADAP” дастури раҳбарлари ва мутахассислари, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Наркотик моддаларни назорат қилиш қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат жамғармаси ҳамда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон вакиллари гиёҳвандликка қарши кураш соҳасида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун Европа Иттифоқига миннатдорлик билдирдилар.
Таъкидланганидек, 2001 йилда ишга туширилган “CADAP” дастури Европа Иттифоқининг ташаббуси бўлиб, у Марказий Осиё мамлакатларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига ва уларнинг Европа давлатларига транзитига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар саъйҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган.
Ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида 800 нафардан ортиқ маҳаллий мутахассислар Европа мамлакатларининг етакчи муассасаларида ҳамда ихтисослашган халқаро марказларида малака ошириб, тажриба алмашишди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Европа Иттифоқи мамлакатлари билан жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни юксак қадрлайди. Бу нафақат ташқи сиёсий ҳамкорлик, балки гиёҳвандлик хавфига ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамда тизимли ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмидир.
“CADAP-7” дастури директори Эрнест Робелло айтганидек, тақдим этилган махсус техника ва ускуналар нафақат тегишли идораларининг таҳлилий ва техник салоҳиятини кучайтиради, балки ҳамкорликни ҳамда реал вақт режимида маълумот алмашишни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратади.
Шунингдек, иштирокчилар синтетик гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг кескин ошганлиги ва ушбу соҳада интернет тармоғи, мессенжерлар ҳамда аноним тўлов тизимларидан актив фойдаланнилаётганлиги билан боғлиқ замонавий таҳдидларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Тадбир якунида томонлар “CADAP” дастури доирасидаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш трансмиллий гиёҳвандлик жиноятчилигига қарши самарали курашишга имкон яратишига ишонч билдиришди.