Бугун 28 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди — ТИВ

Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди — ТИВ

Озарбайжон ва Туркия ўртасидаги Шуша декларациясига гўёки Ўзбекистон ҳам қўшилгани ҳақида айрим хорижий нашрлар ва Telegram каналлар орқали тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Kun.uz Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.

Бир қатор хорижий нашрлар ва Telegram-каналларда Озарбайжон ва Туркия ўртасида имзоланган, умумий мудофаани кўзда тутувчи Шуша декларациясига Ўзбекистон ҳам қўшилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Ўзбекистон томонидан [Озарбайжон билан] иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ва Шуша декларациясига қўшилиши айнан ўз моҳиятида баҳоланиши керак. Бу – Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилганини билдиради. «Ҳарбий иттифоқ» деган тушунча эса ташқаридан тажовуз бўлса, ўзаро ҳарбий ёрдамни назарда тутади», дейилади CBC TV'нинг YouTube'даги 1,2 миллион обуначига эга каналида 23 май куни кетган репортажда.

Материалда Туркия бугунги кунда тобора ўзини «туркий дунё»да хавфсизлик координатори сифатида кўрсатаётгани ҳамда ҳарбий соҳада Марказий Осиё давлатлари билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлаб бораётгани қайд этилган.

«Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилгани – бу туркий дунёни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё хавфсизлигини барқарорлаштириш йўлида муҳим қадамдир. Яқин келажакда Шуша декларациясига бошқа туркий давлатларнинг ҳам қўшилиши кутилиши мумкин», дейилади CBC TV хабарида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълумотига кўра, Ўзбекистон Шуша декларациясининг иштирокчиси эмас.

«Ўзбекистон 2021 йил 15 июн куни Шуша шаҳрида Озарбайжон ва Туркия ўртасида имзоланган «Шуша декларацияси»нинг иштирокчиси эмас. Бу фақат Озарбайжон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамловчи икки томонлама ҳужжатдир.

Мазкур декларация доирасида Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбайжон билан ҳар қандай мудофаа иттифоқида иштирок этаётганини тасдиқловчи ҳеч қандай расмий манба ёки далил мавжуд эмас», дейилади ТИВ расмийси манбага берган изоҳда.

Аҳрор Бурҳонов Озарбайжон нашрида тарқалган хабар «ҳақиқатга умуман тўғри келмаслиги»ни билдирди.

Киритилди: 16:08 24.05.2025. Ўқилди: 654 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!