Осиё ўйинларининг футбол мусобақасида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.
Равшан Ҳайдаров шогирдлари чорак финал баҳсини ишончли бошлади ва 12-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Дилшодбек Муртазоев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоамизни олдинга олиб чиқди — 1:0.
Биринчи бўлим қолган қисмида ҳисоб ўзгармади. Ўзбекистон минимал устунлик билан танаффусга йўл олди.
Иккинчи бўлимда ҳам терма жамоамиз ўз устунлигини сақлаб қолди. Учрашувнинг 77-дақиқасида Азизбек Тўлқинбеков Саудия Арабистони дарвозасига иккинчи голни урди ва жамоамизнинг ярим финалга чиқиш имкониятини янада оширди.
Баҳс якунига яқин эса ҳисоб йирик кўриниш олди. 87-дақиқада захирадан майдонга тушган Фирдавс Абдураҳмонов рақиб дарвозасини ишғол қилиб, учрашувга нуқта қўйди — 3:0.
Шу тариқа, Ўзбекистон U-23 Саудия Арабистонини йирик ҳисобда мағлуб этиб, Осиё ўйинларининг илк ярим финалчисига айланди.
Равшан Ҳайдаров жамоаси мусобақада ҳозирча мукаммал натижа қайд этмоқда. Ўзбекистон гуруҳ босқичида Филиппинни 5:1, Қувайтни 2:0 ва Вьетнамни 2:0 ҳисобида енгган эди. Чорак финалдаги ғалаба билан жамоамизнинг кетма-кет ғалабалари сони тўрттага етди.
Энди Ўзбекистон 30 сентябрь куни финал йўлланмаси учун Япония — КХДР жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади. Осиё ўйинларининг футбол бўйича финал баҳси эса 3 октябрга белгиланган.
Осиё ўйинлари. Чорак финал
Ўзбекистон — Саудия Арабистони — 3:0
Голлар: Дилшодбек Муртазоев, 12 — 1:0; Азизбек Тўлқинбеков, 77 — 2:0; Фирдавс Абдураҳмонов, 87 — 3:0.