Бугун 25 февраль, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистон Саудия Арабистонининг илғор иқлим тажрибасини ўрганишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Саудия Арабистонининг илғор иқлим тажрибасини ўрганишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Миллий метеорология маркази (National Meteorological Center), шунингдек, унинг бўлинмалари — Қум ва чанг бўрони минтақавий маркази (Sand and Dust Storm Regional Center), Иқлим ўзгариши минтақавий маркази (Regional Center for Climate Change) ва Булутларни уруғлантириш дастури (Cloud Seeding Program) фаолияти билан танишди.

Саудия Миллий метеорология маркази фан, рақамли технологиялар ва давлат бошқарувини интеграция қилган самарали моделни намойиш этади. Иш жараёнида сунъий йўлдош маълумотлари, аэрозол кузатувлари, ер усти станциялари ва сунъий интеллект асосидаги ечимлардан кенг фойдаланилади. Марказ юқори аниқликдаги минтақавий иқлим моделларини жорий қилган, тарихий маълумотлар базасини шакллантирган ва узоқ муддатли прогнозлар ишлаб чиқади. Ушбу маълумотлар асосида қурғоқчилик, тупроқ деградацияси ва чўлланиш хавфи баҳоланади, таҳлилий материаллар эса қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва экологик хавфсизлик соҳаларида қарор қабул қилувчи органларга тизимли равишда тақдим этилади.

Делегация об-ҳавога фаол таъсир кўрсатиш бўйича давлат дастурига алоҳида эътибор қаратди. 2019 йилдан буён мамлакатда булутларни уруғлантиришнинг кенг қамровли дастури амалга оширилмоқда, бу амалиёт ўтказилган ҳудудларда ўртача 15–20% кўпроқ ёғингарчилик ҳосил бўлишини таъминлайди. Технологик базага махсус самолётлар, Доплер радарлар, сунъий йўлдош тизимлари ва замонавий лабораториялар киради. Маълумотларга кўра, дастур йилига қўшимча 2–3 миллиард куб метр сув манбаини таъминлайди, бу эса сув ресурсларини барқарор бошқариш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Музокаралар давомида иқлим моделлаштириш, қум ва чанг бўронларини мониторинг қилиш, эрта огоҳлантириш тизимлари, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Олинган тажриба Ўзбекистонда миллий иқлим маълумотлари платформасини яратиш, Марказий Осиё учун юқори аниқликдаги минтақавий моделлаштиришни жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ҳамда энергетика соҳалари учун соҳавий иқлим хизматларини ривожлантиришда амалий аҳамиятга эга.

Шунингдек, “Green University” билан академик ҳамкорлик, малака оширишни ташкил этиш, қўшма нашрлар ва таълим дастурларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф якунларига кўра, Саудия мутахассисларининг Ўзбекистонга техник миссиясини ташкил этиш ва минтақавий иқлим моделлаштириш бўйича пилот лойиҳани ишга тушириш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Киритилди: Бугун 17:29. Ўқилди: 300 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!