Бугун биз жанговор офицер, Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Аҳмедов Рустам Урманович билан бутунлай хайрлашмоқдамиз.
Рустам Урмонович ўзининг 40 йилдан ошиқ умрини Қуролли Кучларга фидойилик билан бағишлаб, мустақил Ўзбекистон миллий армияси тикланишининг дастлабки йилларида мамлакат учун, унинг хавфсизлигини таъминлаш ва халқимизни осойишталиғини ҳимоя қилиш учун ғоят кўп ишларни амалга оширган инсонлардан бири.
Генерал-полковник Аҳмедов Рустам Урманович 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таваллуд топган.
1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини “танк қўшинлари тактик қўмондонлиги” мутахассислиги бўйича, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини “қўмондон-штаб оператив-тактик” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
1966 йилдан 1972 йилгача Балтиқбўйи қўшинлари ҳарбий округи 11-армия танк полки танк взводи командири лавозимидан Шимолий қўшинлар танкчилар дивизияси танкчилар батальони командирининг сиёсий бўлим бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.
1972 йилдан 1986 йилгача Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида курсантлар батальонида командирнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда батальон командири лавозимларида хизмат ўтаган.
1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.
1991 йилдан 1992 йилгача бир вақтнинг ўзида мустақил Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазири – Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия қўмондони лавозимида, 1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.
Аҳмедов Рустам Урманович мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири сифатида тарихдан жой олди.
Марҳум нафақат мудофаа тизимида, балки 1997 йил сентябр ойидан 1998 йил сентябр ойигача Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритганлиги ҳам барчамизга маълум.
1998 йилда нафақага чиқиб, бугунги кунгача ёшларга офицер шарафи ва инсоний камтарлик намунаси бўлиб келди.
Шунингдек, 2018 йилдан 2020 йилгача Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозимида мудофаа тизимининг муҳим йўналишларини қайта ислоҳ қилишда фаол иштирок этган.
Кўп йиллик фидойи хизматлари учун Собиқ Иттифоқ ва Ўзбекистон Республикасининг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.
1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи ва 1995 йилда II даражали “Шон-шуҳрат” ордени билан мукофотланган.
Ўзбекистон Республикаси миллий армиясини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2018 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Генерал-полковник Р.У.Аҳмедов раҳбарлигида мустақилликнинг дастлабки йилларида армияни, қўл-яроғ ва ҳарбий техникани сақлаб қолиш, ҳарбий инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди.
Буларнинг барчасини ортида, хеч шубҳасиз, Рустам Урмановичга хос бўлган сабр-матонат, тинимсиз меҳнат, юксак масъулият, профессионализм ва Ватанга меҳр-муҳаббат фазилатлари мужассамдир.
Рустам Урманович узоқ йиллик хизмат фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарди. У ўзининг кенг билим доираси, раҳбарлик истеъдоди ва юқори даражадаги шахсий масъулияти билан жамиятимизда обрў-эътибор қозонди.
Генерал-полковник Р.У.Аҳмедовнинг шонли ҳаёт йўли – бу хизмат, садоқат ва юксак масъулият намунасидир. Унинг меҳнатлари, Ватанимиз олдидаги хизмати, садоқати ва шахсий фазилатлари бизнинг хотирамизда абадий сақланади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбарияти Рустам Урмановичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради, ҳамдардлик изҳор қилади. Бу йўқотиш оғир, бевақт ва ўрнини хеч нарса боса олмайди.
Аҳмедов Рустам Урманович билан видолашув 13 октябрь куни соат 11:30 да Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Орол 3-тор кўчаси 13-уйда бўлиб ўтади.