Владимир Зеленский Доналд Трамп билан Вашингтонда учрашишини тасдиқлади
Украина президенти 17 октябр, жума куни Доналд Трамп билан учрашишини ва “бир қатор масалалар”ни муҳокама қилишни режалаштираётганини маълум қилди.
Axios нашрининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, икки давлат раҳбари кутилаётган учрашувда Украинага қандай қуроллар етказиб бериш масаласи, жумладан, узоқ масофали Tomahawk ракеталарини жўнатиш эҳтимолини муҳокама қилишади.
"Телефон орқали муҳокама қилиб бўлмайдиган айрим масалалар бор", – дейилади, нашр хабарида.
Бундан ташқари, Зеленский мудофаа ҳамда энергетика компаниялари раҳбарлари ва эҳтимол америкалик сенаторлар ҳамда конгрессменлар билан бир нечта муҳим учрашувлар ўтказишни режалаштирган.
Зеленскийга кўра, мамлакат делегацияси аллақачон АҚШга йўл олган. Делегациядан бош вазир Юлия Свириденко, Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров ҳамда дипломатик корпуснинг бир неча вакиллари ўрин олган.