Брюссел Россия раҳбариятини Украинага қарши тажовуз жиноятлари учун суд қилиши кутилаётган махсус трибунални молиялаштиришга 10 миллион евро ажратди. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Киевга ташрифи чоғида маълум қилди.
"Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари бўйича далиллар яққол кўриниб турибди. Жазосиз қолган жиноятлар янги ёвузликларни рағбатлантиради", — деди Каллас.
Унинг сўзларига кўра, трибуналларга ажратилган маблағлар “тажовуз жиноятлари айбдорларининг адолатли жазодан қочиб қутулмаслигини таъминлаш” имконини беради.
Июн ойи охирида Европа Кенгаши шафелигида “тажовуз жинояти бўйича Махсус трибунал” ташкил этилгани ҳақида маълум қилинган эди. Бундай трибунал доирасида Владимир Путинга қарши тергов олиб бориш мумкин, бироқ уни, жумладан, сиртдан ҳам суд қилиш иложсиз. Чунки халқаро ҳуқуққа кўра, давлатларнинг юқори лавозимли вакиллари шахсий дахлсизлик (иммунитет) ҳуқуқига эга. Путинга нисбатан жиноий таъқиб фақат у Россия президенти лавозимини тарк этганидан кейин амалга оширилиши кутилмоқда.