Мактубда Хитой Халқ Республикаси ва Хитой Коммунистик партиясининг улуғ сиёсий намояндаси сифатида Си Сзинпин Ватан ва халққа бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, улкан масъулият ҳисси ва узоқни кўра олишга асосланган стратегик тафаккур билан мамлакат халқини янги марралар сари бошлаб бораётгани таъкидланди.
“Сизнинг оқилона раҳбарлигингиз остида Хитой модернизатсияси изчил давом этмоқда, миллатнинг буюк тикланиши ва юксалишига қаратилган сиёсатингиз мамлакатингиз тарихига ёрқин саҳифа сифатида ёзилмоқда”,
– дейилади мактубда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг бугунги юксак суръатига алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва барча шароитлардаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари йил сайин мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан таъкидланди.
“Биз Янги Ўзбекистонда олиб бораётган жадал ислоҳотларимизда Хитой Халқ Республикаси ва шахсан Сизнинг доимий кўмагингиз ҳамда қўллаб-қувватловингизни яқиндан ҳис қилиб келяпмиз”,
– дейилади мактубда.
Ўтган йиллар давомида барча асосий соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп поғонали ҳамкорлик механизмлари шакллантирилгани, “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида катта амалий натижаларга эришилгани қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев умумий саъй-ҳаракатлар ва олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга ошириш орқали Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш мумкинлигига ишонч билдирди.
Якунда давлатимиз раҳбари Си Сзинпинга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик-осойишталик ва бардавом тараққиёт тилади.