Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш лойиҳаси режалаштирилаётгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қиладики, мазкур лойиҳа бўйича ҳозирча экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмас.
Шу сабабли ҳудудда ҳар қандай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан дарахт ва буталарга, яшил майдонларга ҳамда тупроқ қопламига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлар тегишли экологик баҳолашдан ўтказилмасдан амалга оширилиши мумкин эмас.
Лойиҳада 1 000 дан ортиқ дарахт ва бута экилиши режалаштирилгани қайд этилган. Бироқ янги кўчатлар мавжуд кўп йиллик дарахтлар ва шаклланган яшил ҳудудларнинг экологик, иқлимий ва рекреацион аҳамиятини тўлиқ ўрнини боса олмайди.
Қўмита ҳудуддаги мавжуд яшил майдон ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказиш зарур, деб ҳисоблайди.