Ўзбекистон Кубогида ярим финал йўлланмалари учун кечган учта баҳс ўз ниҳоясига етди. Чорак финалда «Локомотив», «Андижон» ва ОКМК рақибларини мағлуб этиб, соврин учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Куннинг энг сермаҳсул учрашуви Фарғонада кузатилди. Маҳаллий «Нефтчи»ни меҳмон қилган «Локомотив» биринчи бўлимдаёқ тўртта гол уриб, якунда 4:2 ҳисобида зафар қучди.
Пойтахтликлар сафида Жасурбек Яхшибоев икки бор дарвозани ишғол қилган бўлса, Билол Туплиев ва Диёржон Туропов ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Фарғоналикларнинг жавоб голларига Хуршид Ғиёсов ва Аброр Исмоилов муаллифлик қилди. Қизиғи, барча олтита тўп танаффусга қадар киритилди.
Жиззахда эса «Андижон» мезбон «Сўғдиёна»ни 2:1 ҳисобида енгди. Учрашувнинг 60-дақиқасида Петар Мичин ўз дарвозасига гол киритиб қўйди. Кейинчалик Мартин Боаке меҳмонларнинг устунлигини оширди. Сардорбек Жамолов ўйин охирида ҳисобни қисқартирганига қарамай, жиззахликлар мағлубиятдан қутула олмади.
Олмалиқда ўтган баҳсда ОКМК Биринчи лига вакили «Гулистон» қаршилигини енгди. Биринчи таймда ҳисоб очилмаган бўлса-да, танаффусдан кейин Иван Пешич ва Нодирбек Абдураззоқовнинг голлари мезбонларга 2:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Ҳар икки голга Азиз Холмуродов ассистентлик қилди.
Ўзбекистон Кубоги. Чорак финал натижалари:
«Нефтчи» — «Локомотив» 2:4
Голлар: Хуршид Ғиёсов (36), Аброр Исмоилов (45+2) — Жасурбек Яхшибоев (11, пенальти, 33), Билол Туплиев (22), Диёржон Туропов (43).
«Сўғдиёна» — «Андижон» 1:2
Голлар: Сардорбек Жамолов (84) — Петар Мичин (60, автогол), Мартин Боаке (79).
ОКМК — «Гулистон» 2:0
Голлар: Иван Пешич (53), Нодирбек Абдураззоқов (77).
Шу тариқа, «Нефтчи», «Сўғдиёна» ва «Гулистон» Ўзбекистон Кубогидаги иштирокини якунлади. «Локомотив», «Андижон» ва ОКМК эса яримфиналга чиқди.