Амалий сафар билан АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб турган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси БМТ бош котибининг ёрдамчиси – Қонун устуворлиги ва хавфсизлик институтлари бошқармаси ижрочи директори Александр Зуев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мулоқот аввалида агентлик директори Акмал Бурхонов Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Томонлар ўзаро доимий тажриба алмашиш механизмлари ҳамда истиқболдаги режаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши стратегиясини ишлаб чиқиш, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари учун коррупцияга қарши кураш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, соҳада кадрлар тайёрлашни тизимлаштиришда ўзаро ҳамкорлик қилиш таклифлари илгари сурилди.
Ўз навбатида, БМТ вакиллари Ўзбекистон коррупцияга қарши курашувчи идоралар фаолияти ва функцияларини таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида соҳани такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТнинг Қонун устуворлиги ва хавфсизлик институтлари бошқармаси ўртасида Стратегик ҳамкорлик битими имзоланди.
Битим доирасида икки идора ўртасида Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш салоҳиятини БМТ стандартлари ва талабларига мувофиқ ривожлантириш, шу жумладан, аксилкоррупция сиёсатига оид ҳужжатлар, касбий тайёргарлик, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларида амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида ҳамкорлик битимининг ҳар бир йўналиши бўйича аниқ вазифа ва режалар белгилаб олинди ҳамда уларнинг амалга оширилишидан ҳар икки томон бирдек манфаатдор бўлиши қайд этилди.