Бугун 16 апрель, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Уруш қатнашчиларига 30 млн сўмдан мукофот пули берилади

Уруш қатнашчиларига 30 млн сўмдан мукофот пули берилади

II жаҳон уруши қатнашчилари 30 млн сўм миқдорида мукофотланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш юзасидан ахборот берилди.

Аввало, армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ривожлантириш, шахсий таркибга янги тизим асосида таълим бериш ва касбга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.

Хусусан, жанговар шайлик йўналишида қўшинларда мажмуавий стратегик ва қўмондонлик штаб ўқувлари, йиғин, дала чиқишлари ва ўқув курслари тизимли равишда ўтказиб келинаётгани, бунда шахсий таркибда ахлоқий-руҳий, реал жанговар вазиятларда қўрқув ва эмоцияларни бошқариш ҳамда дадил ҳаракатлана олиш каби муҳим жанговар сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Замонавий жанговар ҳаракатлар таҳлилидан келиб чиқиб, барча ўқув, тренинг ва машғулотларда жанг олиб боришнинг янги усул ва шакллари ўзлаштирилаётгани, бўлинмаларнинг мобиллигини, жанговар имкониятларини ва қўйилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани юзасидан ахборот берилди.

Ҳар йили мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида нишонланиши юртимизда тинчликни асраш, мустақилликни мустаҳкамлаш, Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш, бугун орамизда соғ-омон яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатишнинг ёрқин амалий ифодасидир.

Жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотини тўлаш таклиф қилинди.

Шунингдек, бу кунда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, кексалар ва устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ёлғиз ва кам таъминланган фахрийларнинг турар жойларини ободонлаштириш, турли хотира ва қадрлаш тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган Ватан фидойиларининг хотираси ҳам улуғланади. Уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

Она Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг мардлиги ва жасоратини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилади. Мамлакатимиз бўйлаб “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари, ижодий кечалар, танловлар ва оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади.

Тақдимотда резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, дунёда юз бераётган ҳарбий можаролар таҳлили уруш давридаги сафарбарлик эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тинчлик даврида ҳарбий тайёргарликка эга бўлган офицерлар захирасини шакллантириш ва уларни мутахассисликлар бўйича тўғри тақсимлаш долзарб вазифа эканини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда 4 та олий таълим ва 2 та олий ҳарбий таълим муассасасининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказлари ва факультетларида 42 та мутахассислик бўйича резерв ва захирадаги офицерлар тайёрланмоқда. Бунга қўшимча равишда Урганч, Термиз, Андижон давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида яна 5 та ҳарбий тайёргарлик ўқув марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида қўшимча равишда “Чақириққача ҳарбий таълим” йўналиши бўйича 3 йиллик бакалавриат таълими асосида резерв ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳарбий тиббиёт институтида эса илк бор клиник ординатура ва магистратурага қабул қилинган ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагини билдирган талабалар тўлов-контракт асосида ўқитилади. Бундай имконият нодавлат олий таълим муассасалари талабалари учун ҳам яратилади.

Бугунги кунда долзарб бўлган сунъий интеллект, дрон, робототехника каби замонавий ва тор мутахассисликлар бўйича ҳам захира офицерлари тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари учун илғор хорижий армиялар тажрибаси асосида янги ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади.

Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил 13 январь куни Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мазкур масала устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган эди.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги офицерларига хизмат йиллари учун тўланадиган ҳар ойлик устама миқдори икки бараварга ошириш, контракт бўйича хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик пул таъминотини 10 фоизга кўпайтириш таклиф қилинди.

Президентимиз таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ижроси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузи ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади ҳамда тегишли ҳужжатларни имзолади.

Киритилди: Бугун 20:19. Ўқилди: 543 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!