Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистонда 2018-2022 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) дан бири бўйича эришилган натижаларни таҳлил қилди.
Бешинчи мақсад бўлган "Гендер тенглигини таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш" 9 та вазифа ва 10 та кўрсаткични ўз ичига олади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган қатор қонунлар қабул қилинди. Улар:
➖ “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун;
➖ “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун;
➖ “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун;
- Оила кодексига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар.
2030-йилгача барча соҳалар ва даражаларда аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик тамойилини жорий этишга нисбатан комплекс ёндашувни кўзда тутувчи Ўзбекистонда гендер тенглиги стратегияси ва 2022-2026 йилларда мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш миллий дастури тасдиқланди.
Натижада турли идораларда аёллар эгаллаб турган ўринлар улуши ортди. Хусусан:
- Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аёл депутатлар улуши 2018-йилдаги 12,6 фоиздан 2022-йилда 32,0 фоизга, Олий Мажлис Сенатида 20,0 фоиздан 25,0 фоизга ошди;
- таҳлил қилинаётган даврда раҳбар лавозимидаги аёлларнинг улуши 27,0 фоиздан 28,2 фоизга ошди.
2018-2022 йилларда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди:
➖ 20-24 ёш оралиғидаги аёллар ўртасида 18 ёшга тўлмасдан қонуний ва ноқонуний турмуш қурган аёллар улуши 2018-йилда 2,85 фоизни ташкил этган бўлса, 2022-йилда 0,05 фоизга камайди;
➖ 15-19 ёш оралиғидаги хотин-қизлар ўртасида жинсий муносабатлар, ҳомиладорликдан сақловчи воситалар ва репродуктив саломатликни сақлаш хизматларидан фойдаланиш бўйича мустақил қарорларни қабул қилувчилар (2021-2022 йиллардаги MICS кузатуви натижалари бўйича) 54,7 фоизни ташкил қилади;
➖ 25 ва ундан катта ёшдаги аёлларнинг олий таълим даражаси (уй хўжаликлари танланма кузатувларига асосан ва тегишли гуруҳларга нисбатан) 2018-йилдаги 12,7 фоиздан 2022-йилда 13,8 фоизга ошди;
➖ кўриб чиқилаётган даврда эркаклар ва аёлларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ўртасидаги фарқ 38,6 фоиздан 34,0 фоизга камайди;
➖ “Аёллар, бизнес ва қонун” глобал индексида Ўзбекистоннинг рейтинги 6,2 баллга яхшиланиб, 2022-йилда (жами 100 баллдан) 70,6 баллни ташкил этди;
➖ Gender Data Compass томонидан 2022-йилда эълон қилинган гендер маълумотларининг мавжудлиги рейтингида Ўзбекистон дунёда 185 та мамлакат орасида 56-ўринни, Марказий Осиёда эса 3-ўринни эгаллади. Open Data Watch маълумотларининг очиқлиги рейтингида мамлакат Марказий Осиё давлатлари орасида 1-ўринни ва дунёнинг 195 та давлати орасида 30-ўринни эгаллади.
5-мақсаднинг бажарилиши “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадлари билан узвий равишда боғлиқ бўлиб, унда мамлакда гендер тенглигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилган ва қуйидаги вазифалар белгиланган:
➖ хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилишида кўмаклашиш;
➖ аёлларни тазйиқ ҳамда зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоялаш;
➖ хорижий мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
➖ жойларда хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни сотишда кўмаклашиш, улар ўртасида тадбикорликни ривожлантириш.