Ўзбекистон Бош консулхонасида Россиядаги ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари ҳамда Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида яшаётган фаол ватандошлар билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбат давомида ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Россиянинг Шимолий-Ғарбий Федерал округида вақтинча ишлаётган ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Бундан ташқари, маҳаллий ўзбек диаспора ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда меҳнат мигрантлари ҳамда ўзбек талаба ёшлари ўртасида содир этилаётган жиноятчиликни олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, Ўзбекистон имижини янада ошириш бўйича маданий-маърифий тадбирлар ўтказишга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу билан биргаликда, Ўзбекистонда олиб борилаётган хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграция тизими орқали меҳнат мигрантларини иш жойи билан таъминлаш, уларни ҳуқуқ ва манфаатларини ўзаро ҳамкорликда ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлиб ўтган мулоқот якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли таклифлар эшитилди ва уларни амалий бажариш йўллари келишиб олинди.