7–11 ноябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UN Tourism) 26-сессияси бўлиб ўтмоқда. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. У 2023 йил октябрь ойида Самарқандда ўтган 25-сессияда раислик қилган мамлакат — Ўзбекистон номидан сўзга чиқди ва Шавкат Мирзиёев томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталди.
“Президент Шавкат Мирзиёев туризмни наfaqat иқтисодиёт тармоғи, балки Ўзбекистонни дунёга, дунёни эса Ўзбекистон учун очадиган восита сифатида белгилаб берди. БМТ Туризм ташкилотининг 25-бош ассамблеясини тарихий Самарқанд шаҳрида ўтказиш – Президентимиз ташаббусининг муҳим натижаларидан биридир. Ортида қолган давр мобайнида сезиларли ютуқларга эришдик: 97 та давлат fuqarolari Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлди (илгари бу рақам атиги 9 эди). Ҳозирда деярли 50 та хорижий ва 16 та миллий авиакомпания ҳафтасига 700 дан ортиқ халқаро рейсларни амалга оширмоқда. Натижада халқаро туристлар сони 2023 йилда 6,6 миллионга етган бўлса, 2024 йилда 10 миллиондан ошди. Бу йил эса биз 15 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилишни мақсад қилганмиз”, — деди А. Абдуҳакимов.
Вазирнинг таъкидлашича, ортиб бораётган талабни қондириш учун республика 8 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтириб, 22 та янги “Dreamliner” самолётини харид қилмоқда ҳамда Саудия Арабистони билан ҳамкорликда 2,5 миллиард долларлик янги Тошкент халқаро аэропортини қурмоқда. Бу лойиҳа Марказий Осиёдаги ҳаво транспорти ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмоқда.
Шунингдек, таълим ва инновациялар масаласи ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилди: “UN Tourism” ва Швейцариянинг “Les Roches” мактаби билан ҳамкорликда Самарқандда Халқаро туризм академияси ташкил этилиб, у глобал туризм соҳасининг келажакдаги етакчиларини тайёрламоқда. Ўзбекистоннинг янги Миллий туризм ривожланиш стратегияси “Инсонлар — Сайёра — Фаровонлик” тамойилларига асосланмоқда.
“Биз БМТ томонидан 2027 йилни Барқарор туризм йили деб эълон қилишга оид резолюция ташаббусини илгари сурганимиздан фахрланамиз. Ўзбекистон, шунингдек, БМТнинг Хавфсиз туризм бўйича халқаро кодекси ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди ва Ҳукуматлараро қўмитага rais этиб сайланди. Бу орқали биз ишонч, хавфсизлик ва масъулиятнинг глобал стандартларини илгари сурмоқдамиз. Бундан ташқари, Бутунжаҳон туризм ташкилотининг Ипак йўли бўйича тематик офиси очилиб, қадимий Ипак йўлининг боғлиқлик ва умумий фаровонлик рамзи сифатида қайта тикланишига хизмат қилмоқда”, — деди вазир.
Азиз Абдуҳакимов нутқи якунида туризм келажаги тўғрисидаги Ар-Риёд декларациясини қўллаб-қувватлади, сунъий интеллектнинг соҳа ривожидаги ролини алоҳида таъкидлади ҳамда Марказий Осиё ва Яқин Шарқ ўртасида ҳамкорликни кучайтириш орқали янги иқтисодий ва маданий имкониятлар яратиш зарурлигини қайд этди.
Маросим якунида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг 26-сессиясида raisлик расмий равишда Саудия Арабистонига топширилди.