Бугун 17 июнь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Ўзбекистон Боннда иқлим мажбуриятларини амалга оширишдаги ютуқларини тақдим этди

Ўзбекистон Боннда иқлим мажбуриятларини амалга оширишдаги ютуқларини тақдим этди

13 июнь куни Миллий иқлим маркази директори Фаррух Саттаров бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Германиянинг Бонн шаҳрида бўлиб ўтган Тараққиётни кўп томонлама кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи сессияси (FMCP3)да иштирок этди.

Маълумот учун, FMCP3 БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси доирасидаги Ёрдамчи органларнинг 64-сессияси (SB 64) доирасида ўтказилди. Ушбу сессия Париж келишувининг асосий механизмларидан бири бўлиб, мамлакатлар ўртасида миллий иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича очиқ ахборот алмашинуви орқали шаффофликни ошириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жараён илғор тажрибаларни оммалаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон делегацияси миллий иқлим мажбуриятларини бажариш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг иқлим хавфларига чидамлилигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳот ва ташаббуслар натижаларини тақдим этди.

Сессияда сўзга чиққан Фаррух Саттаров Ўзбекистон шаффофликни самарали иқлим сиёсатининг ажралмас қисми деб билишини ва Париж келишувининг Кенгайтирилган шаффофлик тизими доирасидаги мажбуриятларига содиқ қолаётганини таъкидлади. У иқлим ўзгариши Марказий Осиё мамлакатларига сезиларли таъсир кўрсатаётгани, сув ресурслари танқислиги, ерларнинг деградацияси ва музликларнинг эриши каби муаммоларни янада кучайтираётганини қайд этди.

Шунингдек, янгиланган Миллий миқёсда белгиланган ҳисса (NDC) дастурига алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2035 йилгача 2010 йил даражасига нисбатан ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 50 фоизга камайтириш мажбуриятини олган. Шунингдек, иқтисодиётнинг углерод сиғимини 35 фоизга камайтириш бўйича аввалги мақсад муддатидан олдин бажарилгани, ҳозирда эса янада юқори натижаларга эришиш учун қўшимча чоралар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, қуёш ва шамол энергетикаси соҳасидаги йирик лойиҳалар туфайли мамлакатнинг ўрнатилган электр ишлаб чиқариш қувватларида «яшил» энергия улуши қарийб 30 фоизга етгани, 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ошиши прогноз қилинаётгани қайд этилди.

Иқлим ўзгаришига мослашиш йўналишида Ўзбекистон сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни давом эттирмоқда. Сувни тежовчи технологияларнинг кенг жорий этилиши натижасида ҳар йили қарийб 10 миллиард куб метр сув тежалмоқда.

Қолаверса, мамлакат миллий иқлим бошқаруви тизимини изчил такомиллаштирмоқда, иссиқхона газлари инвентаризацияси тизимини мустаҳкамламоқда, маълумотларни йиғиш механизмларини ривожлантирмоқда ҳамда иқлим ҳисоботларини тайёрлаш салоҳиятини оширмоқда.

Ўзбекистон бундан буён ҳам глобал иқлим жараёнларида фаол иштирок этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқлим молиялаштиришини жалб қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали Париж келишуви мақсадларига эришиш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш йўлида изчил фаолият олиб боришни режалаштирмоқда.

Киритилди: 21:41 16.06.2026. Ўқилди: 223 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!