Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликларининг Лана Заки Нусайбани БМТ Бош котиби лавозимига номзод сифатида илгари суриш ташаббусини ижобий баҳолади.
Бу ҳақда 22 октябрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган расмий баёнотда маълум қилинди.
Лана Нусайба БААнинг давлат вазири бўлиб, аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида мамлакатнинг доимий вакили сифатида фаолият юритган.
Ўзбекистон ТИВга кўра, халқаро майдондаги муаммолар мураккаблашиб бораётган бир шароитда БМТнинг янги раҳбарини танлаш жараёни алоҳида аҳамиятга эга.
Вазирлик бўлажак Бош котиб етарли дипломатик тажриба ва юксак касбий салоҳиятга эга бўлиши, халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлаш йўлида давлатларни бирлаштира олиши зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, янги раҳбар БМТнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ҳисса қўшиши муҳимлиги қайд этилди.