Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

«Ўзбекистон 24» Тошкентдаги уч поғонали йўлни «Марказий Осиёда ягона» деб атади. Бу — ёлғон (ФОТО+ВИДЕО)

«Ўзбекистон 24» Тошкентдаги уч поғонали йўлни «Марказий Осиёда ягона» деб атади. Бу — ёлғон (ФОТО+ВИДЕО)

«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» информацион дастури 22 май соат 21:00 даги сонида мухбир Шаҳло Эргашеванинг Тошкентда янги очилган уч қаватли транспорт боғламаси ҳақидаги репортажи эфирга узатилди. Репортаж давомида иншоотни таърифларкан, мухбир, жумладан, шундай деди: «Ушбу объект Марказий Осиёда уч қаватли бўлган ягона транспорт иншоотига айланди». Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.

Тошкентда янги очилган уч қаватли йўл ҳақиқатан ҳам Марказий Осиёда ягона бўлганида эди, тарғибот ва ташвиқот усталарининг бу фактдан Олмаота метроси очилгунига қадар «Тошкент — Марказий Осиёда метрополитени бор ягона шаҳар» деб мақтанганликлари каби фойдаланишларига ҳеч эътироз бўлмасди (ваҳоланки ўта зарурат сабаб қурилган бундай иншоотлар билан мақтанишнинг ўзи баҳсли), бироқ миллионлаб томошабинга эга «Ўзбекистон 24»нинг жонли эфири бундай ёлғонлар учун минбар бўлмаслиги керак.

Тошкентда қурилган уч қаватли йўл — Марказий Осиёда ягона эмас

Марказий Осиё аслида каттароқ, ҳатто Хитойнинг бир қисмини қамраб оладиган географик тушунча, бироқ «Ўзбекистон 24» мухбирлари бунда, катта эҳтимол билан, Ўзбекистонга қўшни тўрт мамлакат — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни назарда тутган. Эътиборлиси, Қирғизистондан ташқари қолган уч мамлакатда уч қаватли йўллар аллақачон қурилиб, фойдаланишга топширилган ва янгиларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

2016 йил августида Қозоғистоннинг «жанубий пойтахти» — Олмаота шаҳрида ўша вақтда тирбандликлардан энг кўп азият чеккан Сайин ва Рисқулов кўчалари кесишмасида уч қаватли транспорт боғламаси фойдаланишга топширилган эди. Бир қарашда у уч қаватлига ўхшамайди (лекин ҳақиқатан ҳам уч қаватли), боз устига 311 метрлик йўл ўтказгичи ҳам бошқача.

«Ўзбекистон 24» Тошкентдаги уч поғонали йўлни «Марказий Осиёда ягона» деб атади. Бу — ёлғон (ФОТО+ВИДЕО)

Ҳозирда Олмаотанинг халқ орасида «аэропорт ҳалқа»си деб номланувчи Бухтарма кўчаси — Ғулжа йўли чорраҳасида кўриниши Тошкентдаги уч қаватли йўлни қарийб такрорловчи транспорт иншооти қурилмоқда.

2017 йил январида Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида тоннелларга тўла Андалиб шоҳкўчасининг Гурбансултон эже кўчаси билан кесишмасида уч қаватли йўл иншооти қурилган.

«Ўзбекистон 24» Тошкентдаги уч поғонали йўлни «Марказий Осиёда ягона» деб атади. Бу — ёлғон (ФОТО+ВИДЕО)

 

У кўприк, узунлиги 380 метрга тенг тоннель ва айланма чорраҳадан иборат (ва кўринишидан Тошкентдаги уч қаватли йўлга ўхшайди, битта фарқи — айланма йўл иккинчи эмас, учинчи қаватда). «Туркман давлат хабарлари»нинг ёзишича, иншоот 9 баллгача бўлган ерости силкинишларига чидамли.

«Ўзбекистон 24» Тошкентдаги уч поғонали йўлни «Марказий Осиёда ягона» деб атади. Бу — ёлғон (ФОТО+ВИДЕО)

Ашхободдаги Андалиб ва Гурбансултон эже чорраҳасида қурилган уч қаватли йўл.

Скриншот: «Yandex.Харита»

2018 йил сентябрида Тожикистон пойтахти Душанбеда, Нусратулло Махсум ва Ғофуров кўчалари чорраҳасида мамлакатдаги илк уч қаватли транспорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.

Объект қурилиши 2016 йил сентябрида бошланган, лойиҳа учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки 35 миллион долларлик кредит, 3 миллион доллар миқдорида техник ёрдам ажратган эди.

«Ўзбекистон 24» Тошкентдаги уч поғонали йўлни «Марказий Осиёда ягона» деб атади. Бу — ёлғон (ФОТО+ВИДЕО)

Душанбенинг 82-кичик туманида 2018 йили фойдаланишга топширилган уч қаватли йўл.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Душанбеда 2020 йил баҳорида иккинчи уч қаватли чорраҳа фойдаланишга топширилиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабаб фойдаланишга деярли тайёр иншоотнинг тўлиқ очилиши номаълум муддатга қолдирилган.

 

ПС. Ҳеч бир ОАВ хатодан кафолатланмаган, интернет-нашрларда, хусусан, «Дарё»да берилаётган у ёки бу ахборот нотўғри бўлиб чиқиши мумкин, чунки аксарият материаллар расмий манбалар ва ахборот агентликларига асосланиб (қайта) тарқатилади (миллий қонунчиликка мувофиқ, расмий манбалар ва ахборот агентликларидан олинган ахборотнинг тўғри ва ҳаққонийлиги учун расмий манбалар ва ахборот агентликларининг ўзи жавобгар). Аммо «Марказий Осиёда ягона», «дунёда ягона» деган жумлалар билан билиб-билмай нотўғри ёки ёлғон ахборот тарқатишдан ҳамма тийилгани маъқул.

Киритилди: 19:02 23.05.2020. Ўқилди: 8338 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!