Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: пойтахтда яшил майдонлар 5 баробар кўпаяди

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: пойтахтда яшил майдонлар 5 баробар кўпаяди

Юртимизда табиий ҳудудларни сақлаб қолиш, уларни қайта тиклаш, экологик муҳитни яхшилаш, ўсимлик дунёсини, яшил майдонларни кўпайтириш ва ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига муддатсиз даврга мораторий эълон қилинди ҳамда уларни ноқонуний кесганлик юзасидан таъсирчан чоралар белгиланди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт экиш назарда тутилган. Маълумотларга кўра, ўтган 2022 йилда жами 202,7 миллион туп дарахт кўчатлари экилган бўлса, мазкур кўрсаткич жорий йил баҳор мавсумида 127,7 миллион тупни ташкил этган. Кўчат экиш ишлари вилоят, туман, маҳаллалар, таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланган манзилли дастурлар асосида йўлга қўйилган. Бутун мамлакат бўйлаб яшил майдонлар ҳажмини 30 фоизга етказиш режалаштирилган.

Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экология соҳасида ҳам қатор мақсад-вазифалар акс этган. Эндиликда соҳадаги саъй-ҳаракатлар ушбу Стратегияда белгиланган вазифалар доирасида янада изчил давом эттирилади.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Равшан Бегматов қуйидагиларни таъкидлади:

— Экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудлар кўламини кенгайтириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича алоҳида бандда қатор вазифалар ўз аксини топди. Эндиликда дарахт экиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида экилган ҳар бир ниҳолни парвариш қилиш ва суғориш тизими яратилади.

Стратегияда кўрсатилган вазифаларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 444 та яшил боғлар барпо этилади. Бунинг учун барча давлат идоралари, корхоналар, таълим муассасаларининг ҳудудида “яшил боғлар” ташкил қилинади. Айниқса, йирик саноат корхоналари жонбозлик кўрсатиши назарда тутилган. Яъни, 112 та йирик саноат корхонаси уч йил давомида 30 миллион туп кўчатдан иборат “яшил белбоғ”лар барпо этиши белгиланган.

Ўрмонлар майдонини кенгайтириш борасида ҳам вазифалар кўзда тутилган бўлиб, хусусан, республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражасини 8,1 фоизга етказиш, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 1,9 миллион гектарга етказиш, Орол денгизининг қуриган тубида қўшимча 200 минг гектар яшил майдонларни барпо этиш мақсад-вазифалари ифодаланган.

Бундан ташқари, иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида чўлланиш, қурғоқчилик, чанг-қум бўронлари ва ҳароратнинг кўтарилишига қарши чора сифатида жами 400 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилади. Бу эса, ўз навбатида, турли чанг-тўзонлар кўтарилишига қарши туришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшил майдонлар ҳудуди 5 баробар кўпайтирилади. Барча шаҳар ва туман марказларида ҳар 50 – 100 минг аҳоли учун “жамоат парклари” ташкил этилади. Умуман, соҳадаги чора-тадбирларни кучайтириш эвазига республикамизда яшиллик даражасини 12,4 фоизга етказиш мақсад қилинган. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар табиатимиз, атроф-муҳитимиз, экологиямизни асраб-авайлашда долзарб ўрин тутади, — дейди депутат.

Дарҳақиқат, Стратегияда экология соҳасига оид белгиланган ҳар бир мақсад-вазифа юртимизда экологик барқарорликни таъминлашга, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга хизмат қилади. Шундай экан, бу борадаги вазифалар ижросида ҳар бир фуқаро шахсий дахлдорликни ҳис қилган ҳолда фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқдир.

Киритилди: 06:26 14.09.2023. Ўқилди: 5704 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!