Қайд этилишича, HY272 рейсини бажараётган УК67003 борт рақамли ҳаво кемаси Истанбулдан ҳавога кўтарилганидан сўнг, учишдан 1 соат ўтиб, 350-эшелон баландлигида салон ва кабинадаги босимнинг беқарорлиги ҳақида сигнализация тизими ишга тушган. Парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ҳаво кемаси командири самолётни жўнаш аэропортига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилган.
Маҳаллий вақт билан 15:50 да самолёт Истанбул аэропортига муваффақиятли қўнган.
Авиакомпаниянинг техник хизматлари ҳаво кемасини Тошкентдаги базага қайтариш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
Ушбу рейс йўловчилари захира ҳаво кемаси орқали Тошкентга етказилади ва кутиш даврида меҳмонхонага жойлаштирилади.
Чиқарув рейси HY8272 қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади:
🛫 Истанбулдан учиш — 29 июль, соат 07:30
🛬 Тошкентга етиб келиш — 29 июль, соат 13:35
⏳ Вақтлар маҳаллий вақт бўйича кўрсатилган.
Юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва тушунишингизга умид қиламиз. Парвозлар хавфсизлиги —Uzbekistan Airways АЖнинг устувор вазифасидир, дейилади баёнотда.