Уй-жой учун субсидиялар беришга аризалар 23 сентябрдан бошланади.
Президентнинг 2024 йил 30 апрелдаги "2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги фармонига кўра:
Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари доирасида аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 09:00 да бошланади.
Шунингдек, ижтимоий мезонларга мувофиқ, субсидия олиш учун фуқароларга янада кенгроқ имконият яратиш мақсадида уларнинг даромадларини инобатга олиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда ариза берувчининг хоҳишига кўра, унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин бўлади.
Аризалар Давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда ариза топшириш мумкин.
Эслатма: ариза берувчи ва/ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромад миқдори:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТEКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн 835 минг сўм) 8 бараваригача (8 млн 400 минг сўм);
- Тошкент шаҳрида — МҲТEКМнинг 2,7 бараваридан (2 млн 835 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 млн 660 минг сўмгача) бўлиши зарур.