Урологик касалликлар кенг тарқалган хасталиклар сирасига киради. Шу боис юртимизда мазкур йўналишда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Буни эса Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Айни пайтда муассаса замонавий технологиялар, илғор диагностика ва даволаш ускуналари билан таъминланган бўлиб, салоҳияти жиҳатидан Марказий Осиёда етакчи ўринда туради.
Хусусан, марказнинг Маслаҳат-диагностика поликлиникаси беморларга тезкор ва аниқ ташхис қўйиш ҳамда даволаш бўйича катта ютуқларга эришяпти.
— Поликлиникамиз кунлик 250 нафар қатновга мўлжалланган, — дейди марказ директори Шуҳрат Мухтаров. — Беморлар бу ерда уролог, андролог, нефролог, анестезиолог, кардиотерапевт, УТТ шифокори, рентгенолог каби тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтишлари ва патогистолог ҳамда шифокор-цитолог мутахассисларнинг зарур маслаҳатларини олиши мумкин.
ЭКГ, лаборатор (қон, простата соки, спермограмма ва пешоб) таҳлиллари, радиологик ҳамда уродинамика текширувлари орқали касалликларга тезкор ва аниқ ташхис қўйилади.
Шу билан бирга, поликлиникада Цистатин С, простата ишқорий фосфатазаси, прокальцитонин миқдорини аниқлаш, суткалик пешобнинг минерал таркибини текшириш каби ноёб лаборатор таҳлиллар ўтказиш имкони ҳам мавжуд.
Беморлар учун, шунингдек микцион цистограмма, 3 турдаги уродинамик текширувлар, тошларнинг минерал таркибини ўрганиш каби замонавий текширувлар ҳам йўлга қўйилган.
Хасталикларга тез ва аниқ ташхис қўйишда Мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ), урофлоуметрия ва комплекс уродинамик текширув, ультратовушли допплерография (УТТ), рақамли рентген каби энг замонавий тиббий-асбоб ускуналардан фойдаланилади.
Поликлиникада беморлар электрон тарзда рўйхатга олинади. Улар инфракиоск орқали марказ тузилмаси, ходимлар салоҳияти, кўрсатиладиган барча тиббий хизмат турлари ҳақида керакли барча маълумотларни олишлари мумкин. Шу билан бирга, ногиронлар учун махсус йўлакчалар ташкил этилган.
2023 йил муассасага 78 минг 512 нафар бемор мурожаат қилган.
Яқин келажакда поликлиника Магнит резонанс томографияси (МРТ), эркаклик фаолиятидаги ўзгаришларни даволашда паст частотали ташқи тўлқинли литотриптор, ИХЛА анализатор каби энг илғор тиббий ускуналар билан таъминланиши ҳисобига 10 дан зиёд ташхислаш ва даволаш усуллари амалиётга жорий этилиши режалаштирилган.