Ижтимоий тармоқларда тарқалган ЙПХ инспектори томонидан “Cobalt” русумли автомобилнинг олд ойнаси синдирилгани акс этган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ томонидан ўрганилди. Маълум бўлишича, 9 сентябрь куни “Чолиш” тўсиқ-постида ЙПХ инспектори автомобилни тўхтатиш ишорасини берган, бироқ ҳайдовчи қонуний талабни бажармасдан Урганч томонга ҳаракатни давом эттирган.
Шундан сўнг бошқа ЙПХ инспектори автомобилни Урганч шаҳри ҳудудида кузатиб борган ва чорраҳада ҳайдовчидан тўхташни талаб қилган. Аммо ҳайдовчи яна ҳамкорлик қилмаган ва автомобил эшикларини қулфлаб, инспектор йўл олдида турганига қарамасдан ҳаракатни давом эттирмоқчи бўлган. Шу пайтда инспектор автомобилни тўхтатиш учун алоқа воситаси ёрдамида олд ойнани уриб синдирган.
Бунга қарамай, ҳайдовчи воқеа жойидан қочишга уринган, бироқ кейинги чорраҳада ушланган. Суриштирувда аниқланишича, Беруний туманида яшовчи, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 2003 йилда туғилган шахс автомобилни ҳеч қандай ҳужжатсиз бошқарган. Шунингдек, ушбу машина олдин ҳам уч марта қоидабузарлик содир этган ва жарималар икки ойдан ортиқ муддат давомида тўланмаган.
Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳайдовчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, дея хабар берди Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати.