Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг сўзларига кўра, Киев Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига (ICAO) ҳарбий фаолликнинг кучайиши сабабли Россия ҳаво ҳудуди фуқаро авиацияси учун хавфсиз эмаслиги ҳақида махсус хабарнома юборган.
"Биз барчани у ерда парвоз қилишдан сақланишга қатъий чақирамиз", – деб таъкидлади украиналик вазир.
Шунингдек, Сибиганинг маълум қилишича, Россия ўзининг Украинага қарши тажовузи келтириб чиқарган мавжуд таҳдидларни атайлаб эътиборсиз қолдирмоқда ва бу ўтган йиллар давомида бир нечта нохуш ҳодисаларга олиб келган.
"Сўнгги кунларда Москва томонидан террорчилик ҳаракатлари кескин кучайиши кузатилаётгани сабабли, Россия устидаги ҳаво ҳудуди тобора хавфли бўлиб бормоқда. Биз кутилмаган нохуш ҳодисаларнинг олдини олмоқчимиз", – дея изоҳ берди Сибига.
ТАСС хабарига кўра, айни пайтда “Росавиация” Украина томони эълон қилган ва Россия ҳаво ҳудудига тааллуқли бўлган барча ҳужжатлар ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслигини маълум қилган. Идоранинг таъкидлашича, Россия ҳаво транспорти ва ер усти инфратузилмаси рейсларни, шу жумладан хорижий авиакомпаниялар парвозларини қабул қилиб ва жўнатган ҳолда, одатдаги режимда ишлашни давом эттирмоқда.
Киритилди: 12:17 03.09.2026.
Ўқилди: 823 марта.
Фикрлар сони: 0 та.