Украина дронлари энди Россия нефтни қайта ишлаш заводларига камроқ ҳужум қилмоқда. 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Украина Қуролли Кучлари нефть базаларини нишонга ола бошлади, дейди Берлиндаги Карнеги маркази эксперти, «Газпром нефть» стратегик режалаштириш департаментининг собиқ раҳбари Сергей Вакуленко.
Экспертнинг тушунтиришича, дронларнинг нефть базаларига ҳужуми анча сезиларли зарба беради:
«Агар нефть базаси йўқ қилинса, у атрофдаги маълум радиусда ёқилғи етказиб бера олмайди. Демак, ёқилғини бошқа жойдан олиб келиш керак бўлади, бу эса вақт талаб қилади. Натижада, шу ҳудуддаги ҳарбий техника ҳаракатсиз ёки қисман ҳаракатсиз бўлиб қолади.»
Россия бозорида нефть-газ инфратузилмасини ҳимоя қилиш бўйича талаб ортди. Интернетда объектлар устига металл тўрлар ўрнатиш бўйича эълонлар пайдо бўлди. Вакуленконинг сўзларига кўра, бу усул анча самарали: «Баъзи видеоларда дронлар айнан шундай тўрларга илиниб қолганини кўриш мумкин.»
Авиация эксперти Анатолий Храпчинский эса радиоэлектрон уруш технологиялари ва физик ҳимоя воситалари фақат дастлабки босқичда самарали бўлиши мумкинлигини таъкидлайди:
«Биринчи дрон бундай ҳимояни йўқ қилиши мумкин, иккинчиси эса ортидан келиб бевосита объектга зарба беради.»
Унинг фикрича, сунъий интеллект ривожланиши билан дронлар ёрдамида оммавий ҳужумлар янада илғор бўлиб боради:
«Биз аллақачон биринчи ишланмаларни яратдик. Бу янги технологияларни дронлар ёрдамида тезроқ мослаштириш имконини беради. Натижада, дронлар ўз қарорини ўзи қабул қилиб ҳужум уюштира олади.»