Мамлакат расмийлари Россияни маданий меросга қарши ваҳшиёна жиноят содир этганликда айбламоқда. Украина бош вазири Юлия Свириденко Киево-Печерск лаврасига берилган зарбани Украина халқи ва унинг меросига қилинган навбатдаги қўпол ҳужум деб атади.
"Ҳозир, россияликлар Киевни ўндан ортиқ баллистик ракеталар билан ўққа тутишни давом эттираётган бир пайтда, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объекти ва бебаҳо маданий обида ҳисобланган Киево-Печерск лаврасининг Успенский черкови шикастланди ва ёняпти", — деб ёзади Свириденко ўзининг X тармоғидаги саҳифасида.
"Бу Россиянинг православ қадриятларининг асл юзидир", — дея қўшимча қилди у.
Украина Православ черкови раҳбари Епифаний Россия зарбаси натижасида Лавра ҳудудидаги Успенский соборининг томи ёниб кетганини маълум қилди. Ўз навбатида, епископ Авраамий Facebook’да руҳонийлар ва қутқарувчилар лавра ҳудудидан қимматбаҳо буюмларни зудлик билан олиб чиқишганини, шу сабабли муқаддас осори-атиқаларни сақлаб қолишга муваффақ бўлинганини ёзди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса Киево-Печерск лаврасига Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ракетаси тушганини даъво қилмоқда. Идора ҳисоботида айтилишича, бу "ушбу мажмуанинг нотўғри ишлаши" оқибатидир, чунки "Ғарб давлатлари Киев режимига яроқлилик муддати ўтган ракеталарни етказиб берган".
Шунингдек, "Киево-Печерск лавраси" миллий қўриқхонаси директори Максим Остапенко Успенский собори Россия томонидан қўлланиладиган "Shahed" дрони келиб урилишидан зарар кўрганини айтди. Россиянинг иккинчи зарбаси Иоанн Кушник минораси ва музей мажмуаси биносига тўғри келган.