Украина Россия билан уруш якунланганидан кейин ҳам 800 минг кишилик армиясини сақлаб қолиш учун Ғарб давлатларидан камида 10 йиллик молиявий ёрдам олишни истамоқда.
AFP агентлигининг юқори мартабали украиналик манбага таяниб хабар беришича, мазкур масала Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина вакиллари иштирокида ўтказилган музокаралар фонида кўтарилган. Киев келажакда эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга қарши туриш учун йирик армияни сақлашни режалаштирмоқда.
Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2027 йилда мамлакат мудофаа эҳтиёжлари учун 175 миллиард доллар талаб этилиши мумкин. Бироқ бюджет лойиҳасида ҳозирча 100 миллиард доллар атрофида маблағ назарда тутилган.
Шу тариқа, ҳарбий харажатлар бўйича молиявий эҳтиёж ва режалаштирилган маблағ ўртасидаги фарқ 75 миллиард долларга етади. Ҳисоб-китобларга кўра, 175 миллиард долларлик йиллик харажат бир кунга қарийб 480 миллион доллардан тўғри келади.
Киев Ғарбнинг узоқ муддатли кўмагини келажакдаги хавфсизлик кафолатларининг муҳим қисми сифатида кўрмоқда. Бироқ бундай молиялаштириш бўйича якуний келишувга эришилгани ҳозирча маълум эмас.