Бу ҳақда “Медуза” хабар бермоқда.
4 октябрга ўтар кечаси Ленинград вилоятининг Кириши шаҳрида жойлашган “Киришинефтеоргсинтез” (“Кинеф”) нефтни қайта ишлаш заводи Украина дронларининг ҳужумига учради, деб хабар бермоқда нашр.
Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко Украина Қуролли кучлари дронлари Кириши шаҳрига ҳужум қилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳаво мудофааси кучлари еттита дронни уриб туширишга муваффақ бўлган.
Губернаторнинг сўзларига кўра, саноат зонасида ёнғин чиққан. Аммо губернатор ёнғин айнан қайси жойда юз берганига аниқлик киритмади.
“Кинеф” — Россиядаги қуввати бўйича иккинчи йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳисобланади. Украина Қуролли кучлари ушбу заводга март ва сентябр ойларида ҳам ҳужум қилган эди.
Reuters хабарига кўра, сўнгги ҳужумдан сўнг завод ўз қувватининг деярли 40 фоизини ташкил этувчи асосий қурилмани тўхтатишга мажбур бўлган.