Буюк Британия ҳукумати "Челси" футбол клубини сотишдан тушган маблағни ҳалигача Украинага ўтказа олмади. Бунга россиялик тадбиркор Роман Абрамович томонидан Джерси расмийларига нисбатан қўзғатилган даъво сабаб бўлди, деб ёзади The Telegraph.
Абрамович 2022 йил март ойида Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган ва унинг активлари музлатилган. Ўша йилнинг май ойида Англия Премьер-лигаси унга тегишли бўлган "Челси"ни сотишни маъқуллади. Бизнесмен Тодд Боэли консорциуми клуб учун 4,25 миллиард фунт стерлинг таклиф қилди: клубнинг ўзи учун 2,5 миллиард фунт ва ривожланиш сармояси учун қўшимча 1,75 миллиард фунт стерлинг. Британия ҳукумати "Челси"ни сотиш учун махсус лицензия берди. Унинг шартларига кўра, жаноб Абрамовичнинг ўзи пулни ололмаган.
2022 йилнинг ноябрь ойида Джерси расмийлари Абрамовичнинг бойлиги келиб чиқиши бўйича тергов бошлади. The Telegraph нашрининг хабар беришича, тадбиркор суд орқали ишни тугатишга уринган. Унинг таъкидлашича, 2016 йилда Джерси ҳукумати унинг маблағларини олишдан мамнун бўлган ва уларни "тоза" деб ҳисоблаган.
The Daily манбаларининг таъкидлашича, Роман Абрамовичнинг ҳуқуқий кураши унинг музлатилган маблағларини Украинага ёрдам бериш учун ишлатиш ҳақидаги муҳокамаларда бир неча бор тилга олинган. Газетанинг ёзишича, Абрамовичнинг адвокатлари маблағлардан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишдан олдин, аввало, ҳуқуқий келишмовчиликни ҳал қилиш кераклигини таъкидламоқда.
Ноябрь ойи бошида The Times нашри хабар қилишича, агар маблағдан фойдаланишга қарор қилинса, бу маблағнинг ярмидан камроғи Украинага етиб боради.