Россия пропаганда роликларида ушбу ҳужум муваффақиятсиз деб кўрсатилган. Ҳарбий каналларда тарқатилган видеоларда дронлар робот машиналарни нишонга олаётгани акс этган ва уларнинг барчаси йўқ қилингани иддао қилинган. Бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ. Бироқ Украинанинг ушбу ҳужуми уруш жараёни тобора роботлашиб бораётганини кўрсатади.
«Украина ҳозирда ҳарбий қуруқлик роботларидан фойдаланиш бўйича етакчи ўринлардан бирини эгалламоқда», — деди Европа ташқи алоқалар кенгаши (ECFR) ҳарбий эксперти Улрике Франке BILD нашрига берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, бундай қурилмалар учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳамкорликда ишлаши алоҳида аҳамиятга эга. Дронлар роботлар учун «кўз» вазифасини бажаради, яъни уларнинг ҳаракатини бошқаради ва ҳатто фронт чизиғидан ўтказишда ёрдам беради.
«Бундай ҳамкорлик ҳарбий соҳада мутлақо янги имкониятларни очмоқда», — дея изоҳлади Франке.
Украина Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, октябрь ойида қуруқлик роботлари 31 398 та логистика ва эвакуация операциясини амалга оширган. Январь ойида эса бу кўрсаткич атиги 7511 тани ташкил этган.
Ҳозирча роботларнинг аксарияти бевосита жанговар ҳаракатларда иштирок этмаяпти. Франкенинг айтишича, улар асосан юк ташиш, ярадор ва ҳалок бўлган ҳарбийларни эвакуация қилиш учун қўлланилмоқда.
Роботларнинг заиф жиҳатларидан бири — уларнинг радиоалоқаси рақиб томонидан тўсиб қўйилиши мумкин. Шу сабабли сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган қуруқлик роботлари тобора кўпроқ вазифаларни мустақил бажармоқда.
Бу эса жиддий ахлоқий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Агар машиналар инсон ҳаёти ва ўлими билан боғлиқ қарорларни мустақил қабул қила бошласа, одамларнинг ҳалок бўлиши учун ким жавобгар эканини аниқлаш қийинлашади.
«Бундай ҳолатда машинадан ташқари яна ким жавобгар эканини аниқлаш имконсиз бўлади», — дея огоҳлантирди Улрике Франке.