Европа комиссияси Литва, Латвия ва Эстониянинг дронларга қарши ягона минтақавий мудофаа тизимини яратиш учун қўшимча 500 миллион евро ажратиш ҳақидаги мурожаатини қондирмади.
Бу ҳақда Литванинг LRT телерадиокомпанияси Европа Иттифоқининг мудофаа ва космос масалалари бўйича комиссари Андрюс Кубилюсга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, уч мамлакат мудофаа вазирлари сентябрь ойида Еврокомиссияга махфий мактуб йўллаб, ҳаво ҳудудини учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимоя қилиш учун қўшимча молиявий ёрдам сўраган.
Лойиҳа доирасида дронларни аниқлаш технологиялари, сунъий интеллект ва уларни зарарсизлантириш воситаларини ягона ҳаво мудофааси тизимига бирлаштириш режалаштирилган эди.
Бироқ Брюссель қўшимча маблағ ажратиш ўрнига, мамлакатларга SAFE дастури орқали имтиёзли кредитлардан фойдаланишни тавсия қилди.
Андрюс Кубилюснинг билдиришича, ушбу дастурнинг биринчи босқичидан кейин 21 миллиард евро маблағ қолган ва яқин орада янги аризалар қабул қилиниши эълон қилинади.
Литва, Латвия ва Эстония ҳукуматлари дастлаб мазкур ташаббусни молиялаштириш бўйича ижобий қарор йил охиригача қабул қилинишини кутган эди.