Исроилнинг Эронга ҳужумлари муносабати билан Туркманистон хорижлик дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда бошқа фуқароларга ўз ҳудуди орқали Эронни тарк этишга рухсат берди. Бу ҳақда Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди. Айни пайтда Туркманистоннинг ўзида ҳам турли товарлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб бормоқда.
Қўшни давлатдаги ҳарбий ҳаракатлар фонида Туркманистон расмийлари хорижлик дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Эронни тарк этган бошқа фуқароларни транспорт, озиқ-овқат, меҳмонхоналар ва зарур буюмлар билан таъминлашни буюрди. ТИВ 16 июн куни Туркманистон назорат-ўтказиш пунктларидан ўтганлар сонини келтирмоқда: Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа мамлакатлардан 120 га яқин киши.
Айни пайтда мамлакат ичида айрим товарлар нархининг ошиши кузатилди. Бир неча кун аввал Ашхободда бир қути Эрон сигаретаси 55 манат (2,75 доллар) бўлган бўлса, бугун унинг нархи 75–80 (3,75–4 доллар) ни ташкил қилмоқда.
Айрим маҳсулотлар ҳам қимматлашди: сут маҳсулотлари, бозорларда сабзавотлар. Масалан, авваллари бир килосининг нархи уч манатдан ошмайдиган пиёзни савдогарлар беш манат деб сўраяпти. Шунингдек, маиший кимё маҳсулотлари: кир ювиш кукуни, шампунь, совун нархининг ошиши кузатилмоқда.