Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (CHP) 23 март куни ҳокимиятдан четлатилган ва қамоққа олинган Истанбул мэри Экрем Имомўғлуни президентликка номзод сифатида кўрсатди. Партия праймеризларида жами 15 миллион фуқаро қатнашди, бу эса мамлакатда рўйхатга олинган сайловчиларнинг деярли тўртдан бир қисмини ташкил этади. Улардан 13,2 миллион нафари ягона номзод бўлган Имомўғлуни қўллаб-қувватлади.
Жумҳурият халқ партияси раиси Ўзгур Ўзел Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш ва Экрем Имомўғлу билан рақобатлашишга чақирди.
Бир неча кун олдин Экрем Имамўғлу қўлга олинган эди, ҳозирда у ҳибсда сақланмоқда. Сиёсатчи коррупция ва мамлакатда тақиқланган “Курдистон ишчилар партияси”ни қўллаб-қувватлашда айбланмоқда. Шунингдек, у Истанбул мэри вазифасини бажаришдан вақтинча четлатилган. Мухолифатдаги сиёсатчи ҳибсга олинганидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди, юзлаб одамлар қўлга олинди.