2025 йилнинг биринчи чорагида Туркия 8 миллион 844 минг сайёҳни қабул қилди. Туризм соҳасидан олинган даромад миқдори эса 9,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Бу ҳақда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Унга кўра, бу кўрсаткич мамлакат тарихида биринчи чорак учун қайд этилган энг юқори натижа ҳисобланади.
“БМТнинг Туризм ташкилоти маълумотларига кўра, Туркия 2024 йилда дунёдаги тўртинчи йирик сайёҳлик бозорига айланди. Ўтган йилдаги мақсадимиз 60 миллион турист қабул қилиш эди, аммо йил якунланганда 62,2 миллионга етдик ва янги рекорд ўрнатдик. 2025 йил якунига қадар мақсадимиз — 65 миллион сайёҳ қабул қилиш ва 64 миллиард долларлик даромад олиш”, — деди Эрсой.