Туркияда бир кеча-кундузда коронавирусдан ўлим ҳолатлари рекорд даражада қайд этилди, деб ёзади «РБК» республика соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.
Сўнгги 24 соат ичида мамлакатда 196 киши COVID-19’дан вафот этган — бу пандемия бошидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич. 17 ноябрдан буён ўлимлар сони ҳар куни 100 тадан ошмоқда. Вафот этганларнинг умумий сони 14 705 кишига етди.
Туркияда бир кунда 31 896 киши коронавирусга чалинди, умумий беморлар сони эса 533 198 кишига етди.
Ноябрь охирида Туркия ССВ Туркиянинг баъзи йирик шаҳарларида коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқини бошланганини маълум қилди. Хусусан, гап Истанбул, Бурса, Измир, Кожаэли ҳақида борди.
Кейинроқ президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон инфекция тарқалишига қарши чоралар кучайтирилишини эълон қилди. 1 декабрь кунидан кучга кирадиган янги чоралар қаторига иш кунлари маҳаллий вақт билан соат 21:00 дан эрталаб соат 05:00 гача мамлакат бўйлаб амалда бўладиган комендантлик соати киради. Шунингдек, дам олиш кунлари — жума куни соат 21:00 дан душанба куни эрталаб соат 05:00 гача одамларнинг кўчага чиқиши тақиқланади.
Шунингдек, Туркияда йил охиригача барча кинотеатрлар ёпиқ бўлади, мактаб ўқувчилари масофавий таълимга ўтказилди. Эрдўғон коронавирусга қарши эмлаш республикада декабрдаёқ бошланиши мумкинлигини айтди.
Президент вакциналарга қарши ҳеч қандай эътирози йўқлигини ва ўзи ҳам COVID-19’га қарши вакцинация қилдиришини айтди. У Туркия билан коронавирусга қарши вакциналарни сотиб олиш учун Россия ва Хитой музокара олиб бораётганини эслатиб ўтган.