21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлар содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.
Ушбу икки шахсга 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача бўлган муддатда Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идораси аллақачон халқаро суд қарорини қўллаб-қувватлаб чиқди.
Бинямин Нетаняҳунинг ўзи эса халқаро суд қарорини абсурд ва ёлғон» деб атаб, унга бўйсунмаслигини маълум қиларкан, Ғазо секторида «ҳарбий мақсадларга эришмагунча қадар» урушни давом эттиришини таъкидлаган.
Нетаняҳу ва Галантни қамоққа олиш ҳақидаги қарорни дунёнинг кўплаб давлатлари дастакламоқда.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлари ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель халқаро суд қарори «сиёсий қарор» экани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, бу ҳужжатни ЕИга аъзо барча давлатлар бажаришга мажбур эканини қайд этди.
Канада бош вазири Жастин Трюдо Нетаняҳу ва Галлант мамлакатга келса, ҳибсга олинишини айтди.
«Биз Халқаро жиноят судининг асосчиларидан бири ҳисобланамиз, халқаро ҳуқуқ устуворлигини эътироф этиб келамиз. Бинобарин, халқаро суднинг барча қарор ва қоидаларига риоя этамиз», – деган Канада етакчиси.
Италия, Нидерландия, Швейцария каби давлатлар ҳам мазкур шахслар ўз ҳудудига қадам қўйса, қўлга олинишини тасдиқлаган.
Қамоққа олиш ордерини «фавқулодда муҳим қадам» деб баҳолаган Ирландия бош вазири Саймон Ҳаррис расмий Дублин суд қарорини ҳурмат қилишини урғулаган.
Исроилнинг Европадаги яқин иттифоқчиларидан саналган Франция ҳам халқаро суд қарорига мувофиқ ҳаракат қилишини маълум қилган. Айни чоқда, Франция ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Кристоф Лемуан «Бу икки шахс Францияга келса ҳибсга олинадими?» деган саволга жавобан «Бу ҳуқуқий жиҳатдан мураккаб савол. Шу боис бу масала юзасидан ҳозирча изоҳ бермайман», – деган.
Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг суд қарорини танқид қилган бўлса-да, халқаро ҳуқуқ устуворлигини эътироф этган ҳолда, унинг мамлакати қарорга бўйсунишини айтган.
Буюк Британия матбуоти Лондон ҳукумати ҳам халқаро суд талабига қарши чиқмаслиги ҳақида ёзди.
Дунёнинг етакчи давлатларидан биргина АҚШ Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорга тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.
«Биз Исроилнинг юқори мартабали мансабдорларини қамоққа олиш ҳақида қарорни қатъий равишда рад этамиз», – деган Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.
Конгресс Вакиллар палатасидаги демократик партия фракцияси раҳбари Ҳаким Жеффрис халқаро суд қарорини «шармандали» дея иддао қилган.
Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон эса халқаро судга қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилган.
Келгуси йилдан Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш бошлаши кутилаётган Майк Уолц январь ойида халқаро судга қарши кескин жавоб берилиши билан таҳдид қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ Рим статутини имзоламаган ва шунга кўра Халқаро жиноят суди қарорларини бажаришга мажбур эмас.
Аммо АҚШ раҳбарияти халқаро суд 2023 йил 17 март куни Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганида бу қарорни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган эди.
Халқаро маҳкама прокурори Карим Хонга кўра, Исроилнинг юқори рутбали амалдорларига нисбатан тергов олиб бориш пайти унга пўписа ва таҳдидлар бўлган, ҳатто амалдорлардан бири халқаро маҳкама Ғарб ва унинг иттифоқчилари учун эмас, балки «Африка ва Путин каби каллакесарлар учун тузилгани»ни уқтирган.
Халқаро жиноят суди – доимий асосда фаолият юритувчи мустақил юридик орган бўлиб, 1998 йил 17 июлда имзоланган Рим статутига асосан таъсис этилган. Маҳкама халқаро миқёсдаги оғир қилмишлар – геноцид, инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятларни кўриб чиқади. Рим статутини имзолаган 123 давлат маҳкама ҳужжатларини бажаришга мажбур.