Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Саудия Арабистонига хусийлар ҳужумлари фонида Макка келишуви бўйича Ар-Риёдга ёрдам кўрсатишни истисно қилмади.
Ҳакан Фидан бу баёнотни NTV телеканалида жонли эфирда журналистнинг саволига жавоб бериш чоғида айтиб ўтди.
"Биз Саудия Арабистонининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва инфратузилмасига қарши жуда жиддий ҳужумлар амалга оширилаётганини кўрмоқдамиз. Агар келишувимизга назар ташласак (Макка келишуви назарда тутилган), мамлакатлар ўртасида иттифоқчилик мажбуриятлари мавжуд. Президентимиз ҳам ўз ваъдасини бажарадиган етакчи. Бу масалада биз бирдамликни намойиш этамиз", деди Фидан.
Ташқи ишлар вазири Макка келишувида иштирок этувчи давлатлар билан алоқалар давом этаётганини таъкидлади.
"Бизда оммага ошкор қилинмаган алоқалар мавжуд. Техник нуқтаи назардан, уларнинг ҳарбий эҳтиёжлари бўлиши мумкин ва биз уларни қондиришда ҳеч қандай муаммога дуч келмаймиз", деди у.
Шуни таъкидлаш керакки, 7 август куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон Маккада коллектив мудофаа шартномасини имзоладилар. Келишувга кўра, иштирокчи давлатлардан бирига қилинган ҳужум учаласига ҳам қилинган ҳужум деб ҳисобланади. Ҳусийларнинг Саудия Арабистонига қилган ҳужумлари Туркия ва Покистондан Ар-Риёдга ёрдам кўрсатиш масаласини кўтарди.