Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Россия, АҚШ ва Украина етакчиларининг Истанбулда тез орада учрашув ўтказишига умид билдирди.
Бу ҳақда у Истанбулдаги матбуот анжуманида 23 июль куни Чираган саройида бўлиб ўтган Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларнинг учинчи раунди якунлари доирасида айтиб ўтди.
"Умид қиламанки, бу яқин келажакда амалга ошади. Мен ҳар учала етакчи ҳам Истанбулда президентимиз бошчилигида йиғилишига ишонаман", - деди Фидан.
Туркия ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, музокаралар кун тартибидан етакчиларнинг эҳтимолий учрашуви масаласи бўлган: "Россия ва Украина Истанбулда бўлиши мумкин бўлган учрашув бўйича хайрихоҳлик билдирмоқда. Президентимиз саммит ўтказиш имкониятига чиндан ишонади, у бу жараённи бироз тезлатмоқчи. Лекин бундай учрашув делегациялар даражасида олға силжишни талаб қилади”.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 25 июль куни россиялик ва америкалик ҳамкасблари Владимир Путин ва Дональд Трамп билан Истанбулда Украина бўйича учрашув ўтказиш имконияти ҳақида телефон орқали гаплашиш режасини маълум қилди.