Туркия Ливия пойтахти Триполи ва унинг атрофидаги ҳудудларда кучайиб бораётган вазиятдан жиддий хавотир билдирди. Расмий Анқара урушаётган томонларни зудлик билан кенг қамровли ва доимий ўт очишни тўхтатишга чақирди.
💬 "Биз Ливия пойтахти Триполи ва унинг атрофидаги ҳудудларда кучайган вазиятни диққат билан кузатиб борамиз. Биз томонларни зудлик билан тўлиқ ва доимий ўт очишни тўхтатишни таъминлашга ва келишмовчиликларни бартараф этиш учун мулоқотга киришишга чақирамиз", — дейилади Туркия ТИВ расмий баёнотида.
Ҳужжатда Туркиянинг вазиятни ҳал қилишда фаол воситачилик қилишга тайёрлиги ҳам қайд этилган: “Туркия доимий ва барқарор ечимни таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр”.
Бу баёнот Ливия президент кенгаши хавфсизлик хизмати раҳбари Абдел Ғани ал-Кикли ўлдирилиши ортидан пойтахтда рўй берган тўқнашувлар муносабати билан ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилган Триполида вазият кучайган бир пайтда маълум қилинди.